Янгиликлар

«Шу ёшимгача бунақа бўлмаганман». Кўчада бегона аёл Мадина Мумтозни камситди — видео

«Ноқулай вазиятда қолдим», — дейди у

«Шу ёшимгача бунақа бўлмаганман». Кўчада бегона аёл Мадина Мумтозни камситди — видео

Актриса, хонанда Мадина Мумтоз Instagram саҳифасида рўмоли сабаб дилини oғритишганини айтди.

Хонанда гўзаллик салонига борганида машинасини ташқарига қўйиб кирган. У ердан чиққанида эса бир аёл олдига келиб, унга автомобилини нотўғри жойга қўйганини айтган. Шунингдек, у аёл Мадина Мумтозга «Ҳижобли экансиз. Сизни ҳамма қарғаб кетди», деган. Бундан актрисанинг дили оғриган. У ҳижоблиларга фобияси бўлган одам улар билан гаплашмаслиги кераклигини таъкидлади.

«Жуда ажойиб воқеа бўлди. Ноқулай вазиятда қолдим. Гўзаллик салонига келгандим. Машинамни бир четга қўйдим. Салондан чиқиб, машинага ўтирдим. Узоқдан бир аёл кўриб, тўхтанг деди. Кейин менга машинангизни шундай қўйиб кетганингиз учун ҳамма шундай қилди деди. Мен автомобилимни қўйганимда, бошқалари шундай турганди. Бошқаларга ҳалал бермасин деб мен ҳам бир четга қўйдим. Ўзи ўзбек мусулмон. Менга ‘Ҳижобли экансиз. Ҳамма қарғаб кетди’, деганида ҳайрон бўлиб қолдим. Менинг христиан, яҳудий, атеист дўстларим ҳам бўлган. Лекин ҳеч қачон ҳеч кимдан бунчалик нафратланмаганман. Миллатдошим рўмолимни гапириб туриб, кесатиб, шунга урғу бериб нафратлангани билинди. Қарама-қаршилик тугаши учун узр сўрадим. Агар сизда рўмоллиларга фобиянгиз бўлса, иложи борича гаплашманг», — дейди у.

Аввалроқ Мадина Мумтозни судга беришганди. У судга кетаётган пайтида у ерга нима сабабдан чақирилганини билмаган. Актриса жиддий масала эмас деб умид қилган. Хонанда бунинг сабабини билгач, хабар беришини таъкидлаган.

«Ҳурматли, кузатувчилар, бугун мен жуда кам ухлаганман. Ундан ташқари, ҳозир судга кетяпман. Мени судга беришган. Ҳавотир олманг. Умид қиламанки, жуда жиддий масала эмас. Ҳозир бориб, ҳаммасини аниқлаб, кейин сизларга хабар бераман», — дейди актриса.

Шундан сўнг Мадина Мумтоз судга чақирилишининг сабабини ҳам маълум қилди. У 10 йил олдин гўзаллик салони учун нотураржой сотиб олган. Ўша жойда 10 квадрат метр ўзбошимчалик билан ўзлаштирилгани аниқланган. Шу сабабли суд шу жойни бўшатишни талаб қилган. Актриса эса давлатнинг қарорларига амал қилишини таъкидлаган.

«Ҳавотир олманг. Ҳаммаси яхши. 10 йил олдин гўзаллик салоним учун нотураржой харид қилгандик. Ўша жойда 10 квадрат метр ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган экан. Бу нарсани билмагандик. Мана шу жойни бузиш ҳақида қарор келди. Биз давлат ва ҳокимиятнинг қарорларига амал қиламиз», — деб айтди Мадина Мумтоз.