Янгиликлар

Маҳалла вазирлиги журналист ва блогерлар билан учрашди

Учрашув «Маҳалла тизими ва нодавлат-нотижорат ташкилотларининг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштироки» мавзусида ташкил этилган

Маҳалла вазирлиги журналист ва блогерлар билан учрашди

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси медиа залида 18 октябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарияти, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, хорижий ва маҳаллий оав вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Келтирилишича, учрашув «Маҳалла тизими ва нодавлат-нотижорат ташкилотларининг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларида фаол иштироки» мавзусида ташкил этилган. Унда вазирлик раҳбарияти маҳалла тарихи ва унинг ривожланиш босқичлари, сўнгги йиллардаги энг муҳим ислоҳотлар, шунингдек, маҳалла тизимининг фаол иштироки ҳақида маълумот берган. Шунингдек, мамлакат сиёсий жараёнларида маҳалла тизимининг фаол иштироки, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оила институтининг ривожланиши ва жамиятдаги бошқа муҳим жараёнлари муҳокама қилинган.

 

Таъкидланишича, ўтган йиллар давомида маҳалла тизимининг ташкилий-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилиб, уларнинг вазифалари ва ваколатлари кенгайтирилган. Жумладан, унинг давлат органлари билан ҳамкорлиги мустаҳкамланган. Президентнинг 12 сентябрдаги фармони билан 1992 йилда «Маҳалла» хайрия жамғармаси ташкил этилган. 1993 йил 2 сентябрда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, ўтган давр мобайнида ушбу қонунга ўзгартиришлар киритилган, кейинчалик янги таҳрирда қабул қилинган. 2017 йилдан кейин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид 78 та норматив ҳужжат, шу жумладан, 7 та қонун, 18 та фармон, Президент қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг 53 та қарори ва фармойиши қабул қилинган.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши тузилган. Президентнинг 2 апрелдаги 5700-сонли фармонига мувофиқ, 7 миллиондан ортиқ оилаларнинг муаммолари ўрганилган, уларнинг аксарияти «маҳалла–сектор–халқ қабулхонаси–маҳалла» принципи асосида ҳал қилинган.

 

Охирги 5 йил мобайнида Кексалар маслаҳати гуруҳларининг фаол иштироки билан 46 мингдан ортиқ оилаларнинг муаммолари ҳал қилинган, ажралиш арафасида турган 53 мингдан ортиқ оила яраштирилган. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда вазирлик ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти ташкил этилган.

Шунингдек, фармон билан маҳалла раислари ваколати муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилган. Фуқаролар йиғини раисининг 3 та — ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис штатлари, 2573 та маҳаллада қўшимча равишда профилактика инспектори штат бирлиги жорий этилган.

Фуқаролар йиғинлари зиммасидаги мавжуд 200 дан ортиқ вазифалар соҳа ходимлари зиммасидан олиб ташланган. 22 март санаси эса Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида белгиланган. Вазирлик томонидан ўтган қисқа давр мобайнида соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланган, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тизимга янги иш услубларини татбиқ этиш, маҳалла тизимига аҳоли муаммолари билан ишлаш учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Маҳаллаларда «Аёллар маслаҳати» кенгашлари, «Бувижонлар мактаби» кенгашлари ва «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмалари ташкил этилган.

Вазирлик аҳоли билан ишлашини енгиллаштириш учун 1146 қисқа рақамли ишонч телефонини йўлга қўйган. Шунингдек, 1700 та маҳаллада фуқаролар йиғинлари учун бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилган, 1200 та бино реконструкция қилинган, 4300 дан ортиғи эса таъмирланган. 7 мингга яқин фуқаролар йиғинлари компьютер ускуналари, 5 мингга яқин янги мебеллар билан таъминланган. Шунингдек, 4300 маҳаллада кутубхоналар, 153 вилоят ва шаҳар марказларида «маҳалла марказлари» қурилган.

 

Президентнинг 2019 йил 7 мартдаги 4235-сонли фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Аёллар тадбиркорлик марказлари» нодавлат-нотижорат ташкилотлари шаклида ташкил этилган. Гендер тенглиги бўйича комиссия ва Сенат ҳузурида Хотин-қизлар ва гендер тенглиги қўмитаси тузилган. Ҳар йили Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан иккита номзодга Зулфия номидаги давлат мукофотини бериш тизими жорий этилган. «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилиб, ҳозирга қадар 855 нафар фаол хотин-қиз мазкур мукофот билан тақдирланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарори асосида бугунги кунга қадар 4737 нафар оғир шароитдаги хотин-қизнинг уй-жойлари шароитларини яхшилаш мақсадида уй-жойларнинг 123,6 миллиард сўмлик бошланғич бадал пуллари тўлаб берилган. I гуруҳ ногиронлиги бўлган 4,3 минг нафар хотин-қизнинг уй-жойини таъмирлашга амалий ёрдам кўрсатилган. Нотурар жойларда яшаётган 4 минг нафар хотин-қизга ижара компенсацияси тўлаб берилган, 4,8 минг нафари имтиёзли арзон уй-жойлар билан таъминланган.

«Темир дафтар» тизими жорий этилганидан буён 572 894 киши ишга жойлаштирилган, қолган оилалар эса озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар билан таъминланган. «Аёллар дафтари»даги фуқаролар сонидан бугунги кунга келиб ижтимоий ҳимояга муҳтож 131 109 аёл ишга жойлаштирилган, 36 697 аёлга моддий ёрдам кўрсатилган, 4 164 аёлнинг уйи таъмирланган, 8834 аёлга ободонлаштириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилган, 8103 нафар аёлга моддий ва хайрия ёрдами кўрсатилиб, 44 023 аёлга манзилли тиббий ёрдам берилган, 24 652 аёлга ҳуқуқий ёрдам, 23 399 аёлга эса психологик ёрдам кўрсатилган.

Маҳаллаларда оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида «Нуроний» жамоатчилик кенгашлари, «Кексалар маслаҳати» гуруҳи, «Бувижонлар мактаби» кенгашлари томонидан маънавий-маърифий учрашувлар ўтказилмоқда.

«Фахрий мураббий» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги қонун асосида ушбу орден таъсис этилган. Ўзбекистондаги 148 та туман ва шаҳарда кекса авлод вакиллари учун «Нуронийлар маскани» ташкил этилган.

Сайлов кодексига мувофиқ, маҳаллалар раислари ва ходимлари участка сайлов комиссияларини тузишда иштирок этади. Сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифларни халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиш ва тегишли округ сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия қилади. Сайлов комиссияларининг самарали ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратади, сайлов комиссияларини жараёнга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бўлган бинолар ва жиҳозлар билан текин таъминлайди. Сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишда ёрдам беради, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этади. Сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини, сайлов комиссиялари ишининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларда кузатувчи сифатида иштирок этади.

Участка сайлов комиссияларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шу жумладан, маҳалла биноларини ажратиш, керакли асбоб-ускуналар билан таъминлаш, маҳалладан кузатувчиларни шакллантириш, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш тўғрисида маълумот беради.

Қайд этилишича, учрашув давомида вазирлик раҳбарияти халқаро ва маҳаллий журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб берган.