Юлдуз Усмонованинг «Хаста бўлма» қўшиғи барча ижтимоий тармоқлардан ўчирилади
Шунингдек, телевидениe ва радиода ҳам бошқа қўйилмайди
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг «Хаста бўлма» қўшиғи 1 ноябрдан бошлаб барча ижтимоий тармоқлардан ўчирилади ва телевидениe ҳамда радиода энди қўйилмайди.
Бу ҳақда хонанда ўз саҳифасида маълум қилди. Юлдуз Усмонова билдирган баёнотга кўра, «Хаста бўлма» қўшиғи Йўлчи Рўзиев шеъри билан энди умуман айтилмайди. Шунингдек, яқин кунларда бошқа шеър билан ёзилади ва премьера қилинади.
«Бу тартиб 1 ноябрдан бошлаб барча телевидения, радио, мусиқа сайтлари, YouTube, ижтимоий тармоқларда амал қилади. Тармоқларга жойланганлари эса ўчириб ташланади. Сиздан ўз ижтимоий тармоқларингиздан мазкур таронани ўчириб юборишингизни сўраймиз. ‘Хаста бўлма’ умуман янги шеър билан Юлдуз Усмонова ижросида куйланади», дейилади хонанда хабарида.
Посмотреть эту публикацию в Instagram
Мавзуга доир: «Еса емаса шоир». Халимахоним Юлдуз Усмоновадан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоирга мурожаат қилди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юлдуз Усмонованинг «Хаста бўлма» қўшиғи сўзлари муаллифи ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган эди. Кейинчалик бу бўйича 22 октябрь куни суд бўлиб ўтган. Жавобгар вакили уларга низони тинч йўл билан ҳал қилиш учун муддат беришни сўрагани ва даъвогар томони норози бўлмагани сабабли суд мажлиси 29 октябрга қолдирилган. 29 октябрь куни тарафлар суд мажлисига келган. Суд қарори билан Усмоновадан шоирга 50 000 000 сўм маънавий зарар учун компенсация, базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баробар миқдорида етказилган зарар ҳисобига товон пули ундириш белгиланган.




