Янгиликлар

Дилдора Ниёзова санъатдан бутунлай кетмаганини маълум қилди — видео

«Мен қўшиқ айтаман», — дейди у

Дилдора Ниёзова санъатдан бутунлай кетмаганини маълум қилди — видео

Хонанда Дилдора Ниёзова санъатни бутунлай тарк этмаганини маълум қилиб, тўй хизматларига чиқишини айтди

Унинг сўзларига кўра, қўшиқ айтишда давом этади. Ҳозирча олдиндан олинган хизматларга чиқади. Нима бўлган тақдирда ҳам хонанда ижод қилишда давом этиши ва қўшиқларини ижтимоий тармоқлар орқали тақдим этишини таъкидлади.

«Мен қўшиқ айтаман. Фақатгина хизматларга чиқишни камайтираман. Ҳозирча олдиндан олинган хизматларга чиқяпман. Ундан кейин нима бўлишини ўзим ҳам билмайман. Лекин ижод қиламан. Қўшиқларимни интернет орқали сизларга тақдим этиб бораман», — дейди у.

Аввалроқ Дилдора Ниёзованинг эри хонанда энди тўйларга чиқмаслигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, энди Дилдора Ниёзова уйда фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Дилдора Ниёзова ҳақиқатдан ҳам Ислом йўлини танлагани учун тўйларга чиқмасликка қарор қилган. Хонанданинг эри тўй учун олдиндан олинган пуллар қайтарилиб берилишини таъкидлади.

«Бугундан бошлаб Дилдора Ниёзова ҳақиқатдан ҳам ислом йўлини танлагани учун тўйларга чиқмасликка қарор қилди. Илтимос, кимда ким биз билан боғланиб тўй кунини белгилаган бўлса, алоқага чиқсин. Пулларни қайтариб беришга мажбурмиз. Дилдора Ниёзова энди тўйга чиқмайди. Уйда бола-чақа тарбияси билан шуғулланишга қарор қилди», — дейди у.

Шундан сўнг хонанданинг ўзи видеомурожаат қилиб, эрининг гапларига муносабат билдирганди. Дилдора Ниёзова ҳаммадан узр сўради. У билан эри ўртасида тушунмовчилик бўлган. Бироқ хонанда турмуш ўртоғининг бундай қилишини кутмаган.

«Мен, авваламбор, ҳаммадан узр сўрайман. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша синови бўлади. Турмуш ўртоғим билан озгина гап-сўз бўлганди. Ўйлайманки, бу нарса ҳамма оилада бўлади. Лекин эрим бундай қилади деб ўйламагандим. Эркакларга айтаман, рашкнинг ҳам бошқа нарсанинг ҳам ўз ўрни бор. Бир-биримизни қадрлайлик. Ўзи турмуш ўртоғим жуда ҳам яхши инсон. Қаттиққўл, ўзининг айтганини қилдирадиган инсон. Мен унга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайман. Мен санъатимни жуда яхши кўраман», — дейди хонанда.

Кейинроқ эса Дилдора Ниёзова санъатдан бутунлай кетганини маълум қилганди. Аввалроқ хонанданинг турмуш ўртоғи у энди тўйларга чиқмаслигини, қўшиқ куйламаслигини айтиб, видео эълон қилганди. Кейинчалик хонанда бу жаҳл устида бўлганини, тўйларга боришини айтганди. Лекин Дилдора Ниёзова эрининг гапи вожиб эканини таъкидлаб, санъатдан бутунлай кетганини маълум қилди.

«Эр амри-вожиб. Хўжайиним бир сўзли инсонлигини яна бир бор кўрсатди. Сизларни қалбингизга оғир ботадиган гап ёки ман тарафдан хатолик ўтган бўлса кечиринглар. Санъатдаги ризқимиз шу жойгача экан. Аллоҳ рози болсин ҳаммамиздан. Ҳаммамизни хўжайинимиз шунақа ҳамиятли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз», — дейди хонанда.