Бобур Бобомурод Фарҳод ва Ширин устидан чора кўрилишини талаб қилмоқда
Интеллектуал мулк агентлиги бунинг сабабини маълум қилди
Шоир Бобур Бобомурод тахаллуси билан ижод қилувчи Бомурадов Бобир Ҳодиевич хонандалар Фарҳод ва Шириндан ёзган шеърлари учун муаллифлик ҳуқуқини талаб қилмоқда. Бу ҳақда ахборот хизмати «Shoubiz.uz»га хабар қилди.
У «Фарҳод ва Ширин» жуфтлигини яратган эди. Бироқ ҳозирда хонандалар устозини тан олмаяпти. Шунинг учун шоир уларга таъқиқ қўймоқда. Бобур Бобомурод уларнинг 50 дан ортиқ қўшиқлари матнининг муаллифи эди. У Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига шеърий асарларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳамда унга тегишли бўлган «Фарҳод ва Ширин» хизмат кўрсатиш белгисидан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳеч қандай шартнома тузилмасдан фойдаланилаётганлик ҳолати юзасидан тегишли чора кўриш тўғрисидаги мурожаатни йўллаган.
Мурожаатномани ўрганишда фуқаролар С.Ф. ва З.Ш. томонидан Бобур Бобомуродга тегишли бўлган «Қалбим Баҳори», «Ҳаёт» шеърий асарларини муаллиф билан шартнома тузмасдан омма олдида ижро этгани аниқланган. Бу эса «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуннинг 62 моддасига кўра ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Шунингдек, «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонуннинг 26 моддаси ҳам бузилгани аниқланган.
Юқоридагиларга асосан, фуқаро С.Ф. ҳамда З.Ш.нинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177 моддасининг биринчи қисмида ва 177(1) моддасининг биринчи қисмида белгиланган асардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолати ҳамда ҳуқуқ эгасига тегишли бўлган товар белгисидан ўз хонандалик фаолиятида фойдаланаётганлиги сабабли aгентлик томонидан ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, тегишли судга юборилган.




