Янгиликлар

Актёр Фотиҳ Жалолов ҳам янги лавозимга тайинланди

У «Фарёд» фильмидаги роли билан барчага танилган

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Жалолов янги лавозимга тайинланди.

Маданият вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 19 октябрь куни Ўзбекистон давлат сатира театрида маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотиҳ Хамитович Жалолов Ўзбекистон давлат сатира театри директори этиб тайинланди.

Маълумот учун, ўз меҳнат фаолиятини 1986 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институти «Қўғирчоқ актёри маҳорати» кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган Фотиҳ Жалолов бугунга қадар Маданият вазирлиги тизим ташкилотларида турли вазифаларда фаолият юритган. У «Фарёд» фильмидаги роли билан барчага танилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шамшиев Тошкент шаҳри Яшнобод тумани «Баркамол авлод» болалар мактаби директори лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.