Интервью, Стиль

Замира Бешимова нима сабабдан ҳижобдан чиққанини айтди

У ўқувчилик вақтларида ҳижобга кирган

Замира Бешимова нима сабабдан ҳижобдан чиққанини айтди

Актриса Замира Бешимова ҳижобга киргани ва нима сабабдан уни ечишга мажбур бўлгани ҳақида айтиб берди.

Унинг сўзларига кўра, болалигида араб тилини ўрганган ва ҳижобга кирган. Бироқ ўша пайти ҳамма унинг устидан кулганини айтди. У мактабда илғор бўлганини ва ҳижобга киргандан кейин фаоллар рўйхатидан чиққанини таъкидлади.

«Кичкиналигимда бувим, холамлар билан араб тилини ўрганганман. 8-9 ёшимдан намозга тушганман. Мактабда учта синфдош қиз биргаликда маҳалладаги битта келиннинг олдига бориб араб тилини ўрганишни бошлаганмиз. Холам ҳарфларни ўргатган. Маҳаллага бориб араб тилини ўрганганмиз. Шу келиннинг таъсирида ҳаммамиз ҳижобга кирганмиз. Ўша даврда бизнинг оилада ҳамма замонавий эди. Ҳатто, онам бу нарсани қабул қилмаган. Рўмол ўраб келсам ҳамма ҳайрон бўлган. Чунки мендан кутмаганди. Қўни-қўшнилар кулишни бошлади. Чунки кўпчилиги бошқа миллат эди. Ҳаттоки, онасининг кийим олиб беришга пули қолмабди шунинг учун эски-тускига ўраб қўйибди деганлар ҳам бўлди. Онамни у пайтда диндан унча хабари йўқ эди. Шу сабабдан ўзи хоҳлади нима қилай деб жавоб берган. Чиройлироқ қилиб жавоб бермаган. Ўқувчилар ҳижобда юриши мумкин эмас деган нарса бўлди. Лекин мен лицей-мактабда ўқирдим. Бизни сиёсий жараёнларга тайёрлаб ўқитарди. Дебатларга олиб борарди. Иккита фаол қиз бараварига ҳижобга киргандик. Рўмолингизни ечасиз бўлмаса дебатга қатнашмайсиз дейишди. Болаликдаги Яратганга бўлган ишонч шунчалик беғубор бўлар эканки, рўмолни ечиш биз учун ҳаёт-мамот эди. Натижада биз етакчилар системасидан тушиб қолдик», — дейди актриса.

Шунингдек, у ёзнинг чилласида ҳушидан кетиб қолганида онаси шифохонага олиб борган. Шифокор онасига ҳижобини ечиши кераклигини айтган. Шундан кейин онаси ҳижобни ечишга мажбурлаган.

«Ҳеч қандай дебатларга бормадик. Дарсга кирганда устимиздан куларди. Баъзи ўқитувчилар дарсга киритмасди. Лекин чидадик. Ёзда чилла пайти мен ҳушимдан кетиб қолдим. Онам мени кўчада биринчи кўринган шифокорга олиб борди. У нима қиласан болани ўраб қўйиб, болага ҳаво етмаяпти деди. Натижада онам оёқ тираб туриб олди ҳижоб ўрамайсан деб. Шундан кейин 1-2 йил қийналдим, чунки одам ўзини яланғоч сезаркан. Қачондир вақти келса, бу йўлга Худо хоҳласа қайтаман деб ичимга тугиб қўйдим», — дейди у.