Медиа

Муқаддас Саъдуллаева отасининг энг сўнгги гаплари ёзилган видеони эълон қилди — видео

«Эртаси куни ҳушидан кетган», — дейди актриса

Муқаддас Саъдуллаева отасининг энг сўнгги гаплари ёзилган видеони эълон қилди — видео

Актриса Муқаддас Саъдуллаева Instagram саҳифасида отасининг унга айтган энг сўнгги гаплари ёзилган видеони эълон қилди.

Унда Лутфулла Саъдуллаев «Ота» номли фильмнинг сценарий ёзиш жараёни ҳақида сўраган. Бу ғоя актёрга Даврон Эргашевнинг «Ота» номли киносидан сўнг келган. Шунингдек, видеода Лутфулла Саъдуллаев сценариийга қўшиладиган эпизодлар ҳақида ҳам гапириб берган. Актёр шунинг эртаси куни ҳушини йўқотиб, реанимацияга ётқизилган.

«Бу охирги гаплашганимиз. Даврон Эргашевнинг ‘Ота’ клипида тушгандан сўнг, уни кино тариқасида суратга олишни ҳам режалаштиргандик. Ўша куни мендан сценарий ёзиляптими, унинг бошига шундай воқеа қўшишсин деб айтаётганини тасодифан видеога олгандим. Афсус, Аллоҳнинг иродаси экан. Эртаси куни уйнинг ичида йиқилиб, тез ёрдам келганидан сўнг кома ҳолатига тушди. Шу билан уйғонмади», — дейди у.


Аввалроқ Муқаддас Саъдуллаева отасининг сўнгги видеосини эълон қилганди. Видеода отасининг жонлантириш бўлимидаги пайтидан видео ҳам бор. Унда актриса отасининг қўлини ушлаган ҳолда ўтиргани акс этган. Шунингдек, отасининг тўнғич қизи Саъдияга бермоқчи бўлган совғаси ҳам кўрсатилган.

Шу билан бирга, Муқаддас Саъдуллаева Instagram саҳифасига отасининг 3 апрелдаги ҳолатидан ҳам видео жойлаган. Унда актриса отасининг орқа томонидан видеога олган. Муқаддас ушбу видеода отаси ортига қарашини жуда хоҳлаган бироқ актёр ортига қарамай юришда давом этган.

Шунингдек, актриса отасининг сўнгги ёзувларини ҳам кўрсатганди. Лутфулла Саъдуллаев ўзининг бешинчи китобини ёзишни бошлаган. Унда актёрнинг «Кафанлик» деб ёзилган ҳикоясини кўриш мумкин. Ушбу ҳикояда актёрнинг ўз ҳаётидан олинган воқеа ёзилган.

«Отам сўнгги пайтлардаги ёзувларини кўздан кечирарканман, охирги ёзган ҳикояси 5-китоби учун ‘Кафанлик’ деб ёзилганига кўзим тушди. Сўнгги ҳикоя», — деб ёзади Муқаддас Саъдуллаева.

Муқаддас Саъдуллаева саҳнада отасига атаб йиғлаб қўшиқ куйлаганди. Санъат саройида марҳум Фатҳулла Маъсудов хотирасига тадбир ўтазилди. Мазкур дастурда кўплаб санъат вакиллари ташриф буюрди. Шунингдек, унда Муқаддас Саъдуллаева ҳам Малика Равшанова билан биргаликда хонанданинг ота ҳақидаги қўшиғини куйлади. Уларнинг ҳар иккиси режиссёр илтимосига биноан оқ либос кийган. Актриса қўшиқни йиғлаб куйлаган. Саҳнада эса марҳум отаси ҳақида видео қўйилган.