Гавҳар Шарипованинг ўлими билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар эълон қилинди — видео
Унга шилқимлик қилган ҳайдовчи 6 йилга қамалди
Ўзбек кино санъатида оз муддатлик фаолият юритган бўлсада, муносиб ном қолдирган актриса Гавҳар Шарипованинг ўлими билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар маълум қилинди.
Актрисанинг вафот этиш сабаби билан қизиққан «Ўзбекистон» телеканалининг «Бир жиноят изидан» кўрсатуви ижодкорлари воқеанинг батафсил жараёнларини ўрганди. Маълумотларга кўра, 2019 йил 18 ноябрь куни тунги соат 2:00 ларда Ғузор туман ИИБга Ғузор –Самарқанд йўналиши А-378 йўлининг 142-километрида, Ярғунчи қишлоғи ҳудудида Исузу русумли автомашинаси иштирокида автоҳалокат содир бўлгани ҳақида қўнғироқ бўлади. Воқеа жойига тезкор тергов гуруҳи билан биргаликда тез ёрдам шифокорлари етиб боради.
Гувоҳлардан бири Ғузор туман тез ёрдам шифокори Ҳайитгул Саломованинг ўша кунги воқеани эслаб айтиб беришича, улар соат 2:40 да воқеа жойига етиб борганида машина ва бир аёлни йўлнинг четида ётган ҳолатда кўрган. Шифокор Ҳайитгул Саломова «Бориб аёлни кўрдим, қон босими, юрак уришини текшириб кўрдим. Кўзини очиб кўрдим, юрак униши тўхтаган экан. Кейин йигитларга пульси йўқ экан, ўлиб қолибди деб айтдим. Ўнг оёғида 4-5 сантиметрли юлиниб кетган жойи бор экан, суяги кўриниб турган эди», – дейди воқеа гувоҳи сифатида.
Яна бир гувоҳ Чироқчи туман ИИБ бошлиғи Актамали Бешимқулов эса воқеа жойини кўздан кечиришда уларга ушбу автомашина ҳайдовчиси йўл четида аёл жасадини кўриб тўхтаганини айтган.
Бироқ ҳайдовчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларида шубҳа уйғотган. «Унинг рангида оқариш, сўзларида қалтираш бор эди. Воқеа содир бўлган жой ЙҲХБ ходимлари ёрдамида кўздан кечирилди. Ушбу жойда, йўлнинг асфальт қисмидан қон излари, кийимларнинг асфальтга ишқаланган излари топилди. Аёлнинг ёнида бўлган ўзига тегишли ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Марҳуманинг ёнида бирор бир шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқлиги аниқланди. Тегишли жойларга марҳуманинг шахсига аниқлик киритиш бўйича топшириқ берилди. Исузу автомашинасининг ички ва ташқи томони тўлиқ кўздан кечирилди. Бу даврда автомашина ичидан соч толаси топилди. Бундан ташқари эксперт томонидан автомашина ойнаси ва тарпедасидан тегишли бармоқ излари олинди. Шу куннинг ўзида дастлабки олинган маълумотларга асосан жиноий иш очилди», – дейди Чироқчи туман ИИБ бошлиғи Актамали Бешимқулов.
Дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳайдовчи билан суҳбатда, у ўз айбига иқрорлигини маълум қилган. Судланувчи Фазлиддин Шарипов 2019 йил 18 ноябрь куни кеч соат 2:20 ларда Сурхондарё вилояти «Дарётранс» МЧЖга тегишли Исузу русумли автомашинани Тошкент-Термиз автомобиль йўли бўйлаб Самарқанд шаҳрига бошқариб бораётиб Ғузор тумани Карвонсарой тўйхонаси рўпарасида тўхтаб, автомашинасига фуқаро Гавҳар Шарипова Ҳасановнани миндириб, Ғузор тумани Ярғунчи қишлоғига етганда, йўловчига тегажоғлиқ қилади. Шу пайт йўловчи сифатида кетаётган Гавҳар Шарипова автомашина эшигини очиб, ўзини ташлаши ҳақида огоҳлантиради. Бироқ ҳайдовчи огоҳлантиришларга эътибор қаратмасдан ҳаракатни давом эттиради ва йўловчи автомашинадан тушиб кетади. Натижада олган жароҳатлари туфайли Гавҳар Шарипова воқеа жойида вафот этади.
Суд Фазлиддин Шариповни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айбдор деб топган ва унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 8-қисми ва 61-моддаларига асосан, аввалги ҳукми юзасидан ўталмай қолган жазо муддати қисман қўшилиб, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 2 йилу 6 ойга ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.




