«Дўзахни ўз қўли билан яратишяпти». Амира Рашидова ўзи гувоҳ бўлган Қозоғистондаги намойишлар ҳақида
Журналист намойишдан видео эълон қилиб, буни режалаштирилган террор деб атади
Журналист Амира Рашидова Instagram саҳифасида ўзи гувоҳ бўлган Қозоғистондаги намойишлар ҳақида фикрини билдирди ва ўша вазиятлар акс этган видеони жойлади.
Унинг сўзларига кўра, бу режалаштирилган террор. Журналист аэропортнинг вайронага айланган видеосини қўйиб, ярим кун олдин ўзи ўша жойда бўлганини айтди. Шунингдек, Амира Рашидова газ масаласи деб намойиш бошлаганлар аслида давлатда нотинчлик ўрнатишни мақсад қилганини айтди.
«Биз бугун ярим кун олдин шу аэропортда эдик. Одам дўзахни ўз қўли билан яратади. Шу дўконлар ортидан қанча инсон оиласини боқиб келётганди. Шунча молига зиён қилиб, талон-тарож қилган. Мана ‘оддийгина’ намойишнинг оқибати. Газ масаласи қаерда қолди? Аэропортни бостириш билан масала ҳал бўладими? Албатта! Чунки мақсад газ нархини тушириш эмас. Мақсад давлатни тўнтариш ва нотинчлик ўрнатиш. Террор эмасми шу?», — дейди журналист.
Шунингдек, у сиёсий ва ижтимоий масалаларга аралашмаслигини айтди. Қозоғистондаги воқеага муносабатни эса намойиш қилиб, газ нархини пасайтиришни қозолардан ўрганиш керак деяётганлар учун билдирган. Амира Рашидова тинчликнинг қадрига етиш кераклигини таъкидлади.
«Мен одатда сиёсий, ижтимоий муаммоларни ёзмайман. Шунчаки тақдир тақозоси билан Олмаотадаги намойишлар гувоҳи бўлганим учун фикримни бўлишдим. Бу масалага бошқа қайтишни истамайман. Ўзи нега ёздим? ‘Биз ўзбеклар ҳаққимизни талаб қилишни билмаймиз. Қозоқдан ўрганиш керак. Битта намойиш ёки қўзғоло қилишни эпламаймиз’, деб осон гапирган ва ёзганлар кўплиги учун бу вазиятга фикримни билдирдим. Яхшиям шундай эканмиз. Яхшиям тинчликни яхши кўрадиган халқ эканмиз. Шукур қилинг! ‘Намойиш қилиб газнинг нархини туширди?’, деб ҳавас қилганлар охир-оқибат бир давлатнинг бугунги ҳолини кўряпсиз. Қозоғистон дунёдан батамом узилиб, вайронага айланаётган мамлакат бўлиб қолди. Ўқ отишлар, портлатишлар овози сабаб эрталабгача оилавий ўтириб чиқдик. Бу қўрқинчли. Бундай қўрқувда яшашдан Аллоҳ асрасин. Қозоқ халқи учун дуодаман. ИншаАллоҳ тез кунда Қозоғистон ва унинг аҳолисига ҳаммаси изига тушиб, яхшиликлар ичида яшаш насиб қилсин. Яна бир гап. Яхшиям шу воқеани болаларим кўрди. Яхшиям мен кўрдим. Тақдиримдан миннатдорман. Биз уруш қандай бўлишини кўрдик. Шукур қилишга энг катта сабабимиз борлигини ҳам тушундик. Тинч яшаётганимиз қадрли эканини англадик. Ярим кун олди файзли аэропортда эдик. Ҳозир бу файз вайронага айланган. Самолётлар учмаяпти. Интернет узилган мамлакатда яшаш қанчалик дахшатли эканини англаганим учун Аллоҳимдан миннатдорман. Мен бекорга бормадим. Ҳамма нарсанинг сабаби ва белгиси бор. Тинч давлатда яшаш биринчи навбатдаги шукроналик бўлиши шарт экан», — дейди у.




