Медиа

Asalhoney’нинг қотили уни қандай ўлдирганини айтиб берди — видео

Йигит инстаблогерни ўлдириб, унинг уйида бир кеча тунаган

Asalhoney’нинг қотили уни қандай ўлдирганини айтиб берди — видео

Asalhoney номи билан танилган блогер Асал Хўжаева 18 март куни Тошкент шаҳридаги уйида ўлдириб кетилгани ва унинг қотиллигида гумонланган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси гумонланувчи эркакдан воқеа тафсилотларини аниқлади.

Қайд этилишича, воқеа жойида ўтказилган тезкор суриштирув натижасида ҳамда суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, фуқаро Хўжаеванинг мурдаси 1 кундан кўп 3 кундан кам бўлган вақт оралиғида ўлдирилгани аниқланган.

Асли хоразмлик бўлган 25 ёшли йигит 2021 йилнинг ёз ойларида ижтимоий тармоқ орқали Асал Хўжаева билан танишиб, у билан учрашиш учун 300 доллар беришга келишади. Аммо йигитда маблағ йўқлиги сабаб 2022 йилнинг февраль ойи ўрталарида Asalhoneyʼга қайта қўнғироқ қилиб, ўзининг моддий шароитини тушунтиради.

Йигитнинг сўзларига кўра, дастлаб Хўжаевага қўнғироқ қилганида, у телефонини кўтармаган. Иккинчи марта телефон қилганида «ўзи сен етмай тургандинг, пулинг бўлмаса нимага телефон қиляпсан», деб, турли уятли сўзлар билан ота-онасини қўшиб ҳақорат қилган.

Ушбу ҳолатдан кейин К. исмли йигит Instagram орқали Хўжаеванинг яшаш манзили ва ушбу хонадонда бўлган моддий бойликларни кузатиб, Хўжаевадан қасд олиш мақсадида уни ўлдириб, бойликларини қўлга киритиш ҳақида жиноий режа тузган.

«Пичоқ ўнг қўлимда эди. Эшик очилиши билан пичоқ билан унинг қорнига зарба бердим. У ерга йиқилиб бақираётган вақтда унинг бўйнидан бўғдим», — деди у.

Фуқаро К. Асал Хўжаевани қасддан ўлдириб, 31 миллион сўмдан ортиқ моддий бойликларини қўлга киритгач, унинг телефони орқали банк пластик картасидаги 1 миллион сўм миқдордаги пулни ўзининг ҳисоб рақамига ўтказиб, тонгга қадар маблағни онлайн қиморга сарфлаган ва эрталаб ушбу хонадонни тарк этган.

Прокуратура хулосасига кўра, жиноят ишлари бўйича К.га нисбатан муқаддам эълон қилинган айблов ўзгартирилиб тўлдирилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми тегишли бандлари билан иш қўзғатилиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилди.