«Тутқунлик» фильми телеканалларда қачон намойиш қилиниши маълум бўлди
Фильм 2019-2020 йилларда ўтказилган «Меҳр» операциясига бағишланган
Кинематография агентлиги томонидан Давлат хавфсизлик хизмати кўмагида суратга олинган «Тутқунлик» бадиий фильмининг миллий намойиши бир қатор телеканалларда бўлиб ўтади.
Ушбу фильм «Бухорийлар» киностудиясида, таниқли режиссёр Рашид Маликов томонидан реал воқеалар асосида суратга олинган. Агентлик раҳбарининг таъкидлашича, фильмда «Меҳр» операциясининг мазмун-моҳияти, инсон қадр-қиммати, Ватан соғинчи, тинчлик ва фаровонликнинг буюк неъмат экани ҳақида сўз юритилади.
«Янги Ўзбекистон шароитида инсон шаъни, қадр-қиммати, виждон ва эътиқод эркинлиги сингари олий қадриятларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратила бошланди. Бу ўзгаришлар замонавий ўзбек киносида ҳам аксини топмоқда. Кейинги йилларда Агентлик буюртмасига биноан, шу мавзуда ‘Аёл қисмати’, ‘Мен террорчи эмасман’, ‘Барон-2’, ‘Афв’ сингари қатор картиналар яратилди. Тутқунлик бадиий фильмида Президентимиз топшириғига асосан ташкил этилган Меҳр операциясининг мазмун-моҳияти, инсон қадр-қиммати, Ватан соғинчи, тинчлик ва фаровонликнинг қанчалик тансиқ неъмат эканлиги ҳақида сўз юритилади. Тутқунлик фильмининг тақдимоти шу пайтга қадар бир неча бор турли доираларда ўтказилди. Жумладан, жорий йилнинг 28 cентябрь-3 октябрь кунлари ўтказилган Ипак йўли дурдонаси XIII Тошкент халқаро кинофестивалида хорижий кино жамоатчилиги томонидан алоҳида эътиироф этилди. Биз ижтимоий аҳамиятини эътиборга олиб, мазкур фильмни телеканалларимиз орқали халқимизга туҳфа этяпмиз», — дейди Кинематография агентлиги раҳбари, фильмнинг бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов.
Шунингдек, фильм режиссёри уни суратга олишдан аввал «Меҳр» операцияси туфайли Ўзбекистонга олиб келинган аёллар билан суҳбатлар ўтказилганини, уларнинг тақдири, руҳияти, характери чуқур ўрганилганини қайд этган.
«Биз ушбу фильмни суратга олишдан аввал жуда кўп маълумотлар тўпладик, Меҳр операцияси туфайли Ўзбекистонга олиб келинган аёллар билан суҳбатлашдик, уларнинг тақдири, руҳияти, характерини чуқур ўргандик. Уларни нотўғри йўлга кириб қолган жиноятчи эмас, оддий инсон, аёл сифатида кўрсатишга ҳаракат қилдик. Шу боис, томошабинлар бу фильмни шунчаки кино эмас, бугунги ҳаётимизннинг акс-садоси, тақдир зарбасига дуч келган замондошларимиз қисматининг экрандаги ифодаси деб қабул қилишларини сўрардим», — дейди фильм режиссёри Рашид Маликов.
Фильмнинг сценарий муаллифлари — Рашид Маликов ва Азамат Коржовов, оператор — Алексей Вензос постановкачи рассом — Дониёр Абдурахмонов. Бош ролларни Нигина Анорбоева, Фирдавс Орипов, Феруза Собитова, Глеб Голендер Лайло Фаррухова сингари актёр ва актрисалар ижро этган. Президент сайлови жараёнларини ёритишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил қилиинган «Халқаро медиа хол»да 16 октябрь куни мазкур фильм тақдимоти бўлиб ўтади. Тақдимот маросимида «Медиа холл» иштирокчилари, талабалар ва курсантлар иштирок этади. Телеканаллардаги премьера вақтлари:
- 16 октябрь 21:30 — «UzReport»;
- 17 октябрь 14:15 — «Мening Yurtim», 15:00 — «RenessansTV», 20:30 — «SevimliTV», 22:20 — «Zo’rTV»
- 18 октябрь 12:00 — «RenessansTV».




