Интервью

Шаҳзод Султонов илк бор Феруза Норматовага уйланаётгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

«Оила аъзоларим ҳам ижобий қабул қилди», — дейди у

Шаҳзод Султонов илк бор Феруза Норматовага уйланаётгани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

Актёр Шаҳзод Султонов «Daryo.uz»га берган интервьюсида илк бор ҳамкасби Феруза Норматова билан оила қургани ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди.

Унинг сўзларига кўра, Феруза Норматова билан оила қуриши ва унга узук тақиши бу Озода Нурсаидованинг клип тарғиботи учун қилинган. Актёр бу шунчаки клип жараёни бўгани ҳамда улар роль ижроо этганини таъкидлаган. Клип мазмуни шундай бўлгани учун ижодкорлар уни «Marry me» тарзида суратга олган.

«Феруза Норматова билан оила қуришимиз, унга узук тақишим аслида Озода Нурсаидованинг ‘Хуш келдинг’ қўшиғининг тарғиботи билан боғлиқ эди. У оддий клип, биз унда роль ижро этганмиз. Клип ғояси қўшиқнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда яратилган. Қўшиқ сўзлари ‘Хуш келдинг ҳаётимга’ деган мазмунда бўлгани учун ‘Marry me’ тарзида клип олдик», — дейди актёр.

Шаҳзод Султонов бу воқеа нима сабабдан шов-шув бўлиб кетганини тушунмаслигини айтди. Актёрнинг таъкидлашича, унинг оила аъзолари буни ижобий қабул қилган. Шунингдек, Шаҳзод Султонов ҳамкасби билан тарқалган гап-сўзларнинг ҳаммаси миш-мишлигини таъкидлаб ўтди.

«У ҳар доимгидек клип. Билмадим, нега бунчалик шов-шув бўлиб кетди. Онам ҳам кулиб, ‘Сен ҳақингда энди бунақа деб ёзишибди’, деди. Оила аъзоларим ҳам бундай гап-сўзларни ижобий қабул қилишади. Ўртамизда ҳеч қандай конфликт келиб чиқмайди. Феруза иккимизнинг муносабатларимиз ҳақида жуда кўп гап-сўзлар тарқалган. Ҳаммаси миш-миш. Биз дўст ва яхши партнёрмиз, холос», — дейди Шаҳзод Султонов.

Аввалроқ Шаҳзод Султонов Феруза Норматова билан ишқий муносабатда эмаслигини айтганди. Актрисани севишини айтиб, уни бахтли қилишини таъкидлаган йигит Шаҳзод Султоновга бир неча бор ёзган. У актёрга ҳақоратли сўзларни ҳам айтган. Шу сабаб Шаҳзод Султонов йигит билан кўришиб, муаммоларини ҳал қилиб олишни таклиф қилган. Улар кўришишга келишган.

Актёр унинг олдига борган. Йигит унга Феруза Норматовани тинч қўйишини айтган. Шунда Шаҳзод Султонов актриса билан ҳеч қандай ишқий муносабатда эмаслигини таъкидлаган. Актёр улар шунчаки ҳамкасб экани ва бирга ишлашини айтган. Йигит ундан умуман Феруза Норматованинг олдига яқинлашмаслигни огоҳлантирган. Шаҳзод Султонов кетмоқчи бўлган пайти у вайнерни тўхтатиб қолмоқчи бўлган. Ўша вақтда актёр унга бир тарсаки туширган.

Бу йигит аввал ҳам Шаҳзод Султоновга нисбатан таҳдид қилганди. Шаҳзод Султонов саҳифасида мазкур таҳдидлар акс этган фотони жойлади. Унга кўра, бир йигит актёрга таҳдид билан ёзган.

«Шундай қизни ҳафа қилдинг. Сенга яна нима керак эди. Сени мухлисинг эдим. Нега шундай яхши қизлар сендақа болаларга учрайди? Агар менда шунақа қиз бўлганида, уни маликалардек бахтли этардим. Мен билан бирга-бир турасанми?», дея ёзган мазкур йигит.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шаҳзод Султонов ва Феруза Норматова турмуш қураётганига ишора қилганди. Озода Нурсаидова ўз саҳифасида янги қўшиғига ишланган клипдан парчани эълон қилган. Унда Шаҳзод Султонов ва Феруза Норматова роль ижро этган. Маълум бўлишича, клип сюжети реал воқеаларга асосланган. Актёр ҳақиқатдан ҳам ҳамкасбининг қўлини сўраган ва унга узук тақиб қўйган. Озода Нурсаидова эса изоҳларда уларга бахт тилаган.

 

View this post on Instagram

 

Публикация от O Z O D A (@ozodaofficial)

Шунингдек, Феруза Норматова «stories»ига хонанданинг ушбу таронасини тинглаб кетаётгани акс этган видео жойлаган. Актрисанинг сўзларига кўра, бу қўшиқ у ва Шаҳзод Султоновнинг энг севимли таронасига айланган. Феруза Норматова ҳам клипдан кичик лавҳани саҳифасига жойлаб, «Сиз менга узук берган кун», дея ёзиб қолдирган.