Интервью

Озодбек Назарбеков тўйларга чиқмай қўйганининг сабабини айтди — видео

Собиқ хонанда тўй хизматларини соғинишини таъкидлаб ўтди

Озодбек Назарбеков тўйларга чиқмай қўйганининг сабабини айтди — видео

Маданият вазири Озодбек Назарбеков YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида тўйларга чиқмай қўйганининг сабабини айтди.

Собиқ хонанда тўй хизматларини жуда соғинишини айтди. Озодбек Назарбеков вазир бўлган пайтларининг бошида тўйга чақирганларникига боришга ваъда берган. Бироқ вазирлик ишларидан ортла олмаган. Кўпчиликка берган ваъдасининг устидан чиқолмаган. Шунинг учун Озодбек Назарбеков ҳозирда тўйга чиқмаслигини таъкидлади.

«Тўйларга таклиф бўлса, боришни ваъда қилолмайман. Тўй хизматларини жуда соғинаман. Ҳеч ким менга таъқиқ қўймаган. Бошида тўйга чиқишга розилик бериб, боролмай қолдим. Бундай воқеалар ўнлаб бўлди. ‘Шанба ёки якшанба куни аниқ бекорчи бўламан. Албатта, бораман’, деб айтиб боролмаганман. Топшириқ бўлиб ёки иш чиқиб қолган. Шу каби ҳолатлар кўп такрорланди. Шунинг учун ваъда қилолмайман», — дейди Озодбек Назарбеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озодбек Назарбеков вазир сифатида қанча маош олишини маълум қилганди. Бу саволни Озодбек Назарбековнинг мухлисларидан бири берган. Собиқ хонанда яқинда ойликлар ошгани муносабати билан унинг ҳам маоши ошганини айтди. Вазир тўлиғини ҳисобласа ойлиги 20 миллион сўмдан ошиши лекин у ҳар ой қўлига 14-15 миллион сўм олишини таъкидлади.

«Ойлигим яқинда яна ошди. Шу билан ҳозирги кунда тўлиғини ҳисобласа 20 миллион сўмдан ортиқ оламан. Қўлимга олганим эса 14-15 миллион сўм», — дейди у.

Шунингдек, Озодбек Назарбеков Канизанинг «хурмача қилиқлари»га муносабат билдирганди. Унинг сўзларига кўра, хонанда ҳақида унга кўп ёзишади. Озодбек Назарбеков Канизага қонун доидасида қандайдир чора кўрилса, хонанда ундан бошқаларга ҳам чора кўрилишини талаб қилишини айтди. Маданият вазири ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир инсонга чеклов қўёлмаслигини таъкидлади. Шунингдек, собиқ хонанда бутун халқ Канизани сўкса ҳам, ўзига шуни раво кўраёганини айтди.

«Менга кўпинча Канизанинг ‘хурмача’ қилиқлари ҳақида ёзишади. Уларга Канизанинг ҳунарлари ёқмайди. Мен нима қилишим мумкин. У катта одам. Унга қандайдир жазо чорасини қўллаш мумкин десак, у бизга ‘Интернетни кўр. Мингтаси сўкиб видео қўйяпти. Нимага бошқаларга чора кўрмаяпсан? Мен уларчалик қилмаяпман-ку’, деяпти. Чора кўриш керак бўлса, ҳаммага бирдек кўринг. Интернетга ким шундай нарса қўяётган бўлса, уларга ҳам чора кўринг. Ўзини ҳурмат қилмаган одамга мен нима дейишим мумкин? Бутун халқ уни сўкяпти лекин ўзига шу нарсани эп кўряпти. Шу ишларни бемалол қиляпти», — дейди Озодбек Назарбеков.