Интервью

Озодбек Назарбеков Канизанинг «хурмача қилиқлари»га муносабат билдирди

Вазир хонанда ўзига шуни раво кўраётганини айтди

Озодбек Назарбеков Канизанинг «хурмача қилиқлари»га муносабат билдирди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида хонанда Канизанинг «хурмача қилиқлари» ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, хонанда ҳақида унга кўп ёзишади. Озодбек Назарбеков Канизага қонун доидасида қандайдир чора кўрилса, хонанда ундан бошқаларга ҳам чора кўрилишини талаб қилишини айтди. Маданият вазири ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир инсонга чеклов қўёлмаслигини таъкидлади. Шунингдек, собиқ хонанда бутун халқ Канизани сўкса ҳам, ўзига шуни раво кўраёганини айтди.

«Менга кўпинча Канизанинг ‘хурмача’ қилиқлари ҳақида ёзишади. Уларга Канизанинг ҳунарлари ёқмайди. Мен нима қилишим мумкин. У катта одам. Унга қандайдир жазо чорасини қўллаш мумкин десак, у бизга ‘Интернетни кўр. Мингтаси сўкиб видео қўйяпти. Нимага бошқаларга чора кўрмаяпсан? Мен уларчалик қилмаяпман-ку’, деяпти. Чора кўриш керак бўлса, ҳаммага бирдек кўринг. Интернетга ким шундай нарса қўяётган бўлса, уларга ҳам чора кўринг. Ўзини ҳурмат қилмаган одамга мен нима дейишим мумкин? Бутун халқ уни сўкяпти лекин ўзига шу нарсани эп кўряпти. Шу ишларни бемалол қиляпти», — дейди Озодбек Назарбеков.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озодбек Назарбеков вазир сифатида қанча маош олишини маълум қилганди. Бу саволни Озодбек Назарбековнинг мухлисларидан бири берган. Собиқ хонанда яқинда ойликлар ошгани муносабати билан унинг ҳам маоши ошганини айтди. Вазир тўлиғини ҳисобласа ойлиги 20 миллион сўмдан ошиши лекин у ҳар ой қўлига 14-15 миллион сўм олишини таъкидлади.

«Ойлигим яқинда яна ошди. Шу билан ҳозирги кунда тўлиғини ҳисобласа 20 миллион сўмдан ортиқ оламан. Қўлимга олганим эса 14-15 миллион сўм», — дейди у.