Интервью

«Мен қачон кетдим дедим?». Умид Ҳайдаров «Миллион»дан кетмаганини айтди

У жамоа саҳнасидан кетганини, лекин «Миллион» жамоаси оиласидан кетмаганини маълум қилди

«Мен қачон кетдим дедим?». Умид Ҳайдаров «Миллион»дан кетмаганини айтди

Актёр, «Миллион» жамоасининг собиқ аъзоси Умид Ҳайдаров YouTubeдаги «Intervyu Tv» лойиҳасига берган интервьюсида жамоадан кетмаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, юмор ва жамоа саҳнасидан кетган. Актёр «Миллион» жамоаси оиласидан кетмаганини айтди. Умид Ҳайдаров жамоа ҳеч қайси номга суяниб қолмаганини таъкидлади.

«Мен қачон ‘Миллион’ жамоасидан кетдим дедим? Мен юмор саҳнасидан кетдим. Даврон ака ҳам концертни кўрган бўлсангиз айтган ‘Умиджон энди биз билан мана шу концерт охирида бир сафда турмаслиги қайғуга солса, юмор саҳнасини чиройли тарк этаётган биринчи иштирокчи, лекин Миллион оиласини эмас’ деган. Уни интервьюларда ҳам қайтарган. Бу жамоа ташкил этилаётганда бўлган фикр. ‘Миллион’ жамоасида авлод алмашинуви бўлади. У ҳеч қайси номга суяниб қолмайди. Жамоа номга таяниб қолмаслигини менгача ҳам катта-кичик йўқотишлар орқали исботлаган. Биз қонун-қоидага қайсидир маънода тўғри ёндашамиз. ‘Миллион’ шу шаклда лойиҳа бўлади. «Миллион» қайсидир ном билан туғилгани рост. Лекин Худо хоҳласа қайсидир ном билан ўлмайди. У номларни кашф қилаверадиган лойиҳа бўлади», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мафтуна Шокирова «Миллион»дан кетишининг сабабини маълум қилганди. Шунингдек, «Миллион»даги Маъруф Носиров тўйидан аввал фарзандли бўлгани ҳақида айтиб берганди.