«Мактаб» сериали бир ҳафтада бир марта чиқишининг сабаби айтилди
«Бунинг иккита сабаби бор», — дейди фильм продюсери
Продюсер Шоҳруҳ Муртазаев YouTube’даги «Субъектив» лойиҳасига берган интервьюсида «Мактаб» сериалининг давомийлиги нима сабабдан кам бўлишига изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, сериал давомийлигининг кам бўлишига иккита сабаб бор. Биринчиси веб сериал бўлгани, иккинчиси бюджет. Продюсер сериалнинг вақти қисқариши унинг сифатига ҳам таъсир қилишини таъкидлади. Шу сабабли Шоҳруҳ Муртазаев сериал вақтини узайтиришнинг иложи йўқлигини, бунинг ҳаммаси маблағга бориб тақалишини айтди.
«Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси бу веб-сериал. Иккинчиси бу бюджет. Сўкишади ҳам, илтимос ҳам қилишади. Биз тушуняпмиз лекин бу бизнинг қўлимизда эмас. Агар бизнинг қўлимизда бўлганда албатта яхши кетаётган контентнинг вақтини кўпайтиришга ҳаракат қиламиз. Аммо бу ҳаммаси маблағга етиб келади. Веб сериал 10-15 минут ёки 45 минут ҳам бўлиши мумкин. Агар сиз бир сменада 8 минутдан кўп ишласангиз маҳсулотнинг сифати тушади. Бу маблағга ҳам таъсир қилади. Масалан, ҳар битта кун бу чиқим. Шу сабабдан биз сифатли қиламиз ва давомийлигини қисқароқ қиламиз чунки бу веб-сериал деб ишлаб чиқарилган. Барибир ҳаммаси маблағга келиб урилаверади», — дейди у.




