Интервью

Иймона Фармонова нима сабаб севгилисига турмушга чиқолмаганини айтди — видео

У билан ажралиш учун ҳам яна турмушга чиққан

Иймона Фармонова нима сабаб севгилисига турмушга чиқолмаганини айтди — видео

Инстаблогер, актриса Иймона Фармонова YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида ажрашгани сабаб севган инсонига турмушга чиқолмаганини айтди.

Унинг собиқ севгилиси бўйдоқ бўлгани учун оила аъзолари Иймонага уйланишига қаршилик қилган. Улар бу гапларни блогернинг ўзига айтган. «Қиз бола олиб берамиз», каби гаплар билан унинг дилини оғритган. Иймона Фармонова уларни тушунишини айтиб, ҳамманинг ўз дунёси бўлишини таъкидлади.

«Мен ажрашганим учун севганимга теголмаганман. У инсон бўйдоқ бўлгани учун яқинлари менга уйланишига рози бўлмаган. ‘Мен қиз бола олиб бераман’, каби гаплар билан юрагимни оғритишган. Буни юзимга айтган. Уларни ҳам тўғри тушунса бўлади. Ҳамманинг ҳам ўз дунёси бор», — дейди у.

Шунингдек, Иймона Фармонова собиқ севгилиси билан орани узиш учун эрга текканини айтди. Унинг сўзларига кўра, собиқ севгилисининг оила аъзолари уни хафа қилганда, орани очиқ қилган. Бироқ йигит совға-саломлар билан актрисанинг олдига келаверган. Иймона унда айб йўқлигини билгани учун йигит билан яна гаплашиб кетган. Блогер бу нарсанинг охири йўқлигини билгач, собиқ севгилиси билан орани бутунлай очиқ қилиш мақсадида иккинчи марта турмушга чиққан.

«Ажрашганимдан кейин у йигит билан муносабатимиз бўлган. Унинг уйдагилари мени кўп хафа қилган. Уни ўзимдан узоқлаштиришга ҳаракат қилганимда, яна совға-саломлар билан келарди. Унда айб йўқлиги учун қайта гаплашиб қўярдим. Шу нарсадан қочиш учун ҳам турмушга чиққанман. Бу нарсанинг охири йўқ. Кимдир бу занжирни узиши керак эди. Шунинг учун мен оила қурдим», — дейди блогер.

Аввалроқ Иймона Фармонова 23 ёшигача 2 марта турмушга чиққанини маълум қилганди. У биринчи марта оила қурганида, 18 ёш бўлган. Улар совчи орқали танишган. Иймона Фармонова биринчи турмуши ҳақида ёмон гапиришни истамайди. Инстаблогер 2021 йил ноябрь ойида иккинчи марта оила қурган. У шунгача икки марта турмушга чиқиш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганини таъкидлади.

«Мен икки марта турмушга чиққанман. Буни кўриб, ‘тавба қилдим’ дейишингиз ҳам хато. Мен ҳам ҳеч қачон икки марта турмуш қураман деб ўйламаганман. Биринчи марта 18 ёшимда оила қурганман. Биз совчилар орқали танишганмиз. Биринчи оилам ҳақда ёмон гапириш ниятим йўқ. Ҳаммани бахтини берсин. Иккинчи турмушимни ноябрь ойида қурдим», — дейди Иймона Фармонова.