Интервью

Достон Эргашев «ГАИ»нинг тўйига текинга борганини айтди — видео

Хонанда кўп тўйларда текинга хизмат қилганини таъкидлади

Достон Эргашев «ГАИ»нинг тўйига текинга борганини айтди — видео

Хонанда Достон Эргашев YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида «ГАИ» ходимининг тўйига текинга борганини айтди.

Бу воқеа яқин орада содир бўлган. Хонанда машина бошқариб кетаётганда, ходим уни тўхтатиб, ҳужжатларини сўраган. Достон Эргашев ҳеч қандай қоидани бузмаган. Шунда ходим ундан тўйида текинга хизмат қилиб беришини сўраган. Хонанда бунга рози бўлган. Хизматдан сўнг тўй эгалари унга 1 миллион сўм берган. У эса бу пулни тўёна қилиб қайтган. Хонанда хизматларга кўп бора текинга борган.

«Яқинда бир ‘ГАИ’да ишлайдиган аканинг тўйига текинга бордим. Ҳужжатларимни ҳаммаси жой-жойида эди. Ҳеч қандай қоида бузиш бўлмаган. Ҳужжатларимни сўраган. Мен уларни кўрсатганман. Кейин ‘Ака тўйимизга бориб бериб, илтимос. Ният қилганман’, деди. Рози бўлганман. Менинг тўйга қимматга чиқишимни эшитиб, у пулни беролмаслиигини айтган. Унга ўша пул ҳам қимматлик қилар экан. Бориб тўйида хизмат қилиб бердим. 1 миллион сўм берди. Ўша пулни ҳам тўёна қилиб қайтиб келдик. Жуда ҳам самимий инсон экан. Кўп тўйларга текинга бораман лекин ҳаммаси ҳам эсимда йўқ. Ҳозир ҳам ўзимнинг маҳалламдаги тўйларга биринчи марта Достон бўлиб хизматга чиқишни бошлаган нархда юрибман», — дейди у.

Аввалроқ интернетда машҳур бўлган санъаткорларнинг «бирров»ининг нархи қанчалиги ҳақида маълумот берилганди. Қуйида келтириладиган ижодкорларнинг клиплари кўпинча телевизор орқали намойиш этилмайди. Улар, асосан, ижтимоий тармоқлар орқали ўз ижодини мухлислари билан баҳам кўради. Уларнинг видео кетма-кетлиги YouTube’да миллионлаб кўрилади. Шунга яраша хонандалар тўй хизматлари учун ўзига «ставка» белгилаб олган.

Жаноб Расул

Хонанда Жаноб Расул тахаллуси билан ижод қилувчи Расул Саитчанов 1987 йил 21 июнда Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида туғилган. Бу тахаллус унга мухлислари томонидан берилган. Чунки хонанда илк клипида Раж Капурнинг «Жаноб 420» фильмига тақлид қилган. Жаноб Расул ижодни бошлаганидан 10 йил ўтгачгина танилган. Бунга «Cаптива» қўшиғи сабаб бўлган. Ҳозирги кунда у Хоразм, Қорақалпоғистон ва Туркманистондаги энг талабгир хонандаларидан бири ҳисобланади.

Жаноб Расул Тошкент шаҳридаги тўй хизматига 2000-2500 долларга келади. Хоразмдаги тўйларга эса 1000-1200 долларга чиқади. Бироқ хонандани тўйга таклиф этиш учун камида икки ой аввал бўш кунни банд қилиш зарур.

Жалолиддин Аҳмадалиев

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев 1992 йил 12 сентябрь куни туғилган. Унинг «Она, сени унутганим рост», «Ёр биздан кетди», «Менда қолмади дил», «Тупроқдан бўлгансан, тупроқ бўласан», «Эҳ жўралар», «Хавотирдаман», «Дадамнинг соясида» каби қўшиқлари халқ орасида танилишига сабаб бўлган.

У ҳозирги кундаги тўй хизматларида энг талабгир хонандалардан бири ҳисобланади. Хонанданинг пойтахт тўйларидаги «бирров»и 1000 долларига баҳоланади. Водийдаги хизматларда эса бу нарх икки баробаргача ортиши мумкин. Жалолиддин Аҳмадалиев тўйларда фақат жонли ижрода куйлагани сабаб шунга яраша ўзига нарх белгилаган. У хизматларга ўзи билан бирга ўндан ортиқ созандаларни ҳам олиб боради.

Осман Наврўзов

Хонанда Осмон Наврўзов 2013 йилда ижодини бошлаган. У ўша пайтда туркман тилидаги қўшиқларни куйлаган. Аммо ҳеч бир қўшиғи омадли чиқмаган. Беш йил давомида шу ҳолат такрорлангандан сўнг Осмон Наврўзовнинг ҳафсаласи пир бўлган. Шундан сўнг дўсти сабаб «Любимая» қўшиғини куйлаган. Осман Наврўзовнинг пойтахтдаги «бирров»лари 1500 долларига баҳоланмоқда. Хоразм ва Қорақалпоғистондаги хизмат ҳақлари эса тўйхона манзилига қараб баҳоланади.

Гулинур Эгамберганова

Хонанда Гулинур Эгамберганова 1994 йил Хоразм вилоятида туғилган. У ҳеч қандай мусиқага ихтисослашган коллеж ёки олийгоҳда ўқимаган. 2013 йилда ижод қилишни бошлаган хонанданинг «Жўжи қоро», «Балиқчам», «Сан ўйна» ва «Попурри» каби қўшиқлари машҳур. Улар YouTube’да бир неча миллион марта томоша қилинган. Гулинурнинг Тошкентдаги «бирров»лари 1000 доллари ташкил қилади.

Муҳаммад Зиё

Хонанда Муҳаммад Зиё 1993 йил Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. Хонанда «Сизда ҳам пул кўпайиб кетди» қўшиғи орқали танилган. У 12 ёшидан буён тўй-ҳашамларда хизмат қилишин бошлаган. У пойтахт тўйларидаги «бирров»ини 450-500 долларига баҳолайди. Водийдаги тўйлар нархи эса 800 долларини ташкил қилади.

Достон Эргашев

Хонанда Достон Эргашев 1992 йили Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида дуёга келган. У болалигидан торли чолғуларни чалиб, қўшиқ айтишга қизиққан. Достон Эргашев «Уйланамиз», «Кўзмунчоғим», «Дада», «Эй дўстим» каби қўшиқлари билан эл эътиборига тушган. У Тошкентдаги «бирров»ларга 500 долларидан камига бормайди. Вилоят тўйларидаги нархлар эса ўзгариб туради.