Интервью

Дилдора Ниёзова санъатга қайтишга эрини қандай кўндирганини айтди — видео

«Эрим жаҳли чиққанда шундай деган», — дейди хонанда

Дилдора Ниёзова санъатга қайтишга эрини қандай кўндирганини айтди — видео

Хонанда Дилдора Ниёзова «Daryo.uz»га берган интервьюсида санъатга қайтишга эрини қандай кўндирганини айтди.

Тўй хизматларидан бирида унга бир онахон эри тўйга чиқишга рухсат бермагани ҳақида савол берган. Хонанда бу саволга жавоб бермагунча тўйхонадан чиқиб кетмаган. Дилдора Ниёзова ўша даврада бўлган аёллар қайси бири эри билан жанжаллашиб қолмагани ҳақида сўраган. Аёллар эса кулган. Хонанда турмуш ўртоғининг кўнглини олгани учун тўйларга чиқишга рухсат берганини таъкидлади.

«Тўй хизматига борганимда, бир онахон ёнимга келиб, ‘Сизни эрингиз тўйларга чиқармайман деганди. Қўшиқ айтяпсизми?’, деди. Ўша тўйхонадан шу саволга жавоб бериб чиқиб кетдим. Мен ‘Орангизда жанжаллашиб қолмаган аёллар борми?’, деб сўрадим. Шунда ҳамма аёллар кулди. ‘Менинг ҳам эрим жаҳли чиққанда гапирадида. Мана кўнглини олгандим тўйга чиқаряпти’, дедим. Мен оғирроқ бўлгандим мана яна санъатда давом этяпман», — дейди Дилдора Ниёзова.

Аввалроқ Дилдора Ниёзованинг эри хонанда энди тўйларга чиқмаслигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, энди Дилдора Ниёзова уйда фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Дилдора Ниёзова ҳақиқатдан ҳам Ислом йўлини танлагани учун тўйларга чиқмасликка қарор қилган. Хонанданинг эри тўй учун олдиндан олинган пуллар қайтарилиб берилишини таъкидлади.

«Бугундан бошлаб Дилдора Ниёзова ҳақиқатдан ҳам ислом йўлини танлагани учун тўйларга чиқмасликка қарор қилди. Илтимос, кимда ким биз билан боғланиб тўй кунини белгилаган бўлса, алоқага чиқсин. Пулларни қайтариб беришга мажбурмиз. Дилдора Ниёзова энди тўйга чиқмайди. Уйда бола-чақа тарбияси билан шуғулланишга қарор қилди», — дейди у.

Шундан сўнг хонанданинг ўзи видеомурожаат қилиб, эрининг гапларига муносабат билдирганди. Дилдора Ниёзова ҳаммадан узр сўради. У билан эри ўртасида тушунмовчилик бўлган. Бироқ хонанда турмуш ўртоғининг бундай қилишини кутмаган.

«Мен, авваламбор, ҳаммадан узр сўрайман. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша синови бўлади. Турмуш ўртоғим билан озгина гап-сўз бўлганди. Ўйлайманки, бу нарса ҳамма оилада бўлади. Лекин эрим бундай қилади деб ўйламагандим. Эркакларга айтаман, рашкнинг ҳам бошқа нарсанинг ҳам ўз ўрни бор. Бир-биримизни қадрлайлик. Ўзи турмуш ўртоғим жуда ҳам яхши инсон. Қаттиққўл, ўзининг айтганини қилдирадиган инсон. Мен унга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайман. Мен санъатимни жуда яхши кўраман», — дейди хонанда.

Кейинроқ xонанда санъатни бутунлай тарк этмаганини маълум қилиб, тўй хизматларига чиқишини айтган. Унинг сўзларига кўра, қўшиқ айтишда давом этади. Ҳозирча олдиндан олинган хизматларга чиқади. Нима бўлган тақдирда ҳам хонанда ижод қилишда давом этиши ва қўшиқларини ижтимоий тармоқлар орқали тақдим этишини таъкидлади.

«Мен қўшиқ айтаман. Фақатгина хизматларга чиқишни камайтираман. Ҳозирча олдиндан олинган хизматларга чиқяпман. Ундан кейин нима бўлишини ўзим ҳам билмайман. Лекин ижод қиламан. Қўшиқларимни интернет орқали сизларга тақдим этиб бораман», — дейди у.