Интервью

Дилдора Ниёзова қайси қўшиғи сабаб отаси ундан норози бўлганини айтди — видео

«'Сен қиз бола бўлсанг, уялмай шу қўшиқни айтдингми?ʼ деган», — дейди у

Дилдора Ниёзова қайси қўшиғи сабаб отаси ундан норози бўлганини айтди — видео

Хонанда Дилдора Ниёзова «Daryo.uz»га берган интервьюсида қайси қўшиғини айтганида отаси норози бўлганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, «Ишонма» қўшиғи сабаб шундай бўлган. Уни дастлаб хоразмлик Отажон исмли йигит ижро этган. Санъатга энди кириб кетган пайтлари унга продюсери шу таронани олиб келиб, ижро этишини сўраган. Бироқ хонанда уни рад этган. Шундан сўнг қўшиқнинг сўзлари ўзгартирилган. Дилдора Ниёзова таронани студияда ёздириб, отасига эшиттирган. Унинг отаси эса «Сен қиз бола бўлсанг, уялмай шу қўшиқни айтдингми?», деган.

«Бу қўшиқни хоразмлик Отажон исмли йигит ижро этган экан. Афсуски, у инсон оламдан ўтиб кетган экан. Энди санъатга кириб келган пайтларимда продюсерим Тоҳир ака қўшиқни олиб келиб, ижро этишимни сўраган. Қўшиқнинг матнини ўқиб кўриб ‘Бу қўшиқни айтмайман, шармандаку’, деганман. Тоҳир ака ‘Сўзларини ўзгартирдим, хавотир олма’, деган. Қўшиқ матнининг илк варинатида ҳақиқатан ҳам очиқ сўзлар кўп эди. У ҳаётий қўшиқ бўлгани билан омма олдида айтишга уялгандим. Хуллас, Тоҳир ака қўшиқни айтишга кўндирган. Қўшиқни студияда ёзиб, уйда дадамга эшиттирганимда, роса сўкканди. ‘Сен қиз бола бўлсанг, уялмай шу қўшиқни айтдингми?’, деган», — дейди хонанда.

Отасининг гапларидан сўнг хонанда ухлолмай чиққан. Бироқ бу гаплардан бехабар продюсери таронани тарқатиб юборган. Премьерадан сўнг қўшиқ тезда оммалашиб кетган. Хонанданинг отаси бундан ранжиган.

«Эшитган ‘ширин’ гапларимдан эрталабгача ухлолмай чиққандим. Бу гаплардан хабари йўқ продюсерим қўшиқни тарқатиб юборган. Эртаси куни турсам ҳамма ерда Дилдора Ниёзованинг ‘Ишонма’ қўшиғи янграяпти. Бозорда ҳам дўконда ҳам қўшиқни эшитганимизда ҳаммамиз шокка тушиб қолганмиз. Дадам ҳам ҳайрон бўлган, аммо ‘Қиз бола нарса нега бундай қўшиқни айтинг’, деб роса ранжиганди. Шундай бўлсада, халқ орасида Дилдора Ниёзова бўлиб танилишим бу қўшиқнинг ҳиссаси катта. Шу қўшиқ оммалашганидан кейин Сурхондарё стадионида концерт берганимда кетмасин деб машинани кўтариб юборган пайтлари ҳам бўлган. Давраларда қўшиқни қайта-қайта ижро этишимни сўрашарди. Яратганга шукр, шундай кунларни ҳам кўрдик», — дейди хонанда Дилдора Ниёзова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дилдора Ниёзова санъатга қайтишга эрини қандай кўндирганини айтганди. Тўй хизматларидан бирида унга бир онахон эри тўйга чиқишга рухсат бермагани ҳақида савол берган. Хонанда бу саволга жавоб бермагунча тўйхонадан чиқиб кетмаган. Дилдора Ниёзова ўша даврада бўлган аёллар қайси бири эри билан жанжаллашиб қолмагани ҳақида сўраган. Аёллар эса кулган. Хонанда турмуш ўртоғининг кўнглини олгани учун тўйларга чиқишга рухсат берганини таъкидлади.

«Тўй хизматига борганимда, бир онахон ёнимга келиб, ‘Сизни эрингиз тўйларга чиқармайман деганди. Қўшиқ айтяпсизми?’, деди. Ўша тўйхонадан шу саволга жавоб бериб чиқиб кетдим. Мен ‘Орангизда жанжаллашиб қолмаган аёллар борми?’, деб сўрадим. Шунда ҳамма аёллар кулди. ‘Менинг ҳам эрим жаҳли чиққанда гапирадида. Мана кўнглини олгандим тўйга чиқаряпти’, дедим. Мен оғирроқ бўлгандим мана яна санъатда давом этяпман», — дейди Дилдора Ниёзова.