«Бу менинг энг оғриқли нуқтам». Амирхон Умаров YouTube’га хат ёзгани ҳақида айтиб берди
«Айб менда эмас», — дейди у
Телебошловчи, журналист Амирхон Умаров «Happy time» кўрсатувига берган интервьюсида YouTube’га хат ёзгани ҳақида айтиб берди.
YouTube’да Амирхон Умаровга тегишли «AmirxonOff» лойиҳасининг 993 минг обуначиси бор, бироқ журналистга ҳали ҳам 100 минг нафар обуначиси бўлган лойиҳаларга бериладиган кумуш статуэтка тақдим этилмаган. Телебошловчи YouTube’га хат билан чиққанда, у кўп бора муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун статуэтка берилмагани маълум қилинган. Амирхон Умаров айб унда эмаслигини, кўрсатувдаги мусиқалар сабаб шундай бўлганини таъкидлади.
«YouTube’дан махсус совғани ҳалигача олмаганмиз. Бу менинг энг оғриқли нуқтам. Ҳамма ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасида ‘100 мингта обуначимиз бўлгани учун YouTube’дан кумуш статуэткани олдик’, деганда сиқилиб қоламан. Чунки обуначиларимиз сони 950 мингдан ошди. Энди насиб қилса, тилла тугмача билан бирга кумушни ҳам оламиз. Биз YouTube’га хат ёздик. ‘Сиз бунга муносиб эмассиз. Сиз доим муаллифлик ҳуқуқларини бузиб келасиз’, деган жавоб келди. Мисол учун, интернетда шовқин кўтарганларни таклиф қиламиз. Уларнинг Instagram, TikTok’даги видеоларини қўйганимизда, тагида мусиқаси бўлади. Шу мусиқадан шифокят тушади. Айб менда эмас. Баъзи қўшиқчиларни таклиф қилганимизда, қўшиқ айтади. Уларга ҳам уриб қолади», — дейди журналист.
Маълумот учун, «Amirxonoff» кўрсатуви Амирхон Умаровнинг муаллифлик кўрсатуви ҳисобланади. У бундан ташқари «Марказий студия» информацион дастурига ҳам бошловчилик қилади.
Амирхон интервьюларининг бирида «Очиқчасига гаплашамиз» ток-шоусига қанча маблағ кетишини маълум қилганди. У кун давомида 8 та 5 секундлик рекаламага тушишини айтган. Шу маблағ ток-шоу учун ишлатилади. Кўрсатувнинг бир кунлик ҳаражати 40-50 миллион сўмни ташкил қилади.




