Барно Қодирова ҳалигача унвон ололмагани ҳақида гапирди
«Баъзи жойларда дилим оғриб қолади», — дейди у
«Дўстлик» ордени соҳибаси, актриса Барно Қодирова YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида ҳалигача унвон ололмагани ва бундна дили оғриши ҳақида айтди.
Унинг сўзларига кўра, унвон берилмаса ҳам халқ уни ҳурмат қилади. Ҳозирча унга «Дўстлик» ордени ҳам етишини айтди. Бироқ баъзи жойларда дили оғриб ва ўксиб қолишини таъкидлади.
«Бир кунмас бир кун қилган меҳнатингиз ўзининг мевасини беради ва муносиб тақдирланади. Менга жуда кўп айтишади. ʼ3-4 та қўшиқ айтган инсонга ҳам хизмат кўрсатган беришади. Сиз шунча йилдан бери ишлайсиз дубляжингиз, киноларингиз кўпʼ, деб. Бу билан мен ўзимни мақтамоқчи эмасман. Улар мен учун куйиб-ёнишади. Мен бундан ҳеч ҳам хафа бўлмайман. Энг асосийси, халқ мени ҳурмат қилади. Халқ менга шу нарсани берган. Менга ҳозирча ‘Дўстликʼ ордени ҳам етади. Худо хоҳласа мен ҳам оларман. Лекин баъзи жойларда дилим оғриб қолади. Баъзида қадрингизга озгина ўксиб қоласиз»,— дейди актриса.




