Интервью

Анвар Азимов аёл ҳамкасбларидан бири уни ёқтирмаганини айтди — видео

«У билан анча йил бирга ишлаганмиз», — дейди бошловчи

Анвар Азимов аёл ҳамкасбларидан бири уни ёқтирмаганини айтди — видео

Суҳандон, телебошловчи Анвар Азимов YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида аёл ҳамкасбларидан бири уни ёқтирмаганини айтди.

Бошловчининг сўзларига кўра, ўша ҳамкасбига йиллар давомида салом бериб келган. Бироқ у Анвар Азимовдан алик олмаган. Суҳандон ҳамкасби уни бир тийинга илмаганини айтган. Телебошловчи шунда ҳам салом беришни давом эттирган. Орадан йиллар ўтгач аёл Анвар Азимовнинг туғилган кунида унга раҳмат айтган. Аёлнинг таъкидлашича, ҳамкасбининг самимий муносабати уни ўзгартирган.

«Бир инсонга йиллаб салом берганман. Саломимга алик ҳам олмаган, бир тийинга илмаган. Бирга ишлаган катта ёшли ходимимиз эди. Кимлигини айтмайман. Фақат салом бераверардим. Мени ёқтирмасди. Унинг ҳарактери шундай бўлган. Мен эса кулиб туриб салом беришда давом этардим. Орадан анча йиллар ўтгач, туғилган кунимни нишонлаганмиз. Ишхонамизда шундай одат бор. Ўша пайтда ўзи ‘Мана шу йигит неча йилдан бери менга салом берарди, яхши гапирарди. Лекин мен шу пайтгача унга менга қилган самимий муносабатни қилмаган эканман. Шу йигит мени ўзгартирди. Минг раҳмат’, деди. Шу гапларни онам қатори аёл айтган», — дейди суҳандон.

Аввалроқ Анвар Азимов жонли эфирда қилган хатоси ҳақида гапириб берганди. Унинг сўзларига кўра, бу воқеа радиода ишлаб юрган пайти бўлган. Бошловчи жонли эфирда ўйин олиб бораётганда, «зато» сўзини ишлатган. Шу сабаб у 1 ҳафта эфирдан четлатилган. Телебошловчи буни ўйиндан завқланиб кетганидан айтиб юборганини таъкидлади. Бироқ Анвар Азимов бу ҳолатдан тушкунликка тушиб қолмаган. У доим ўзини ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирган.

«Радиода ишлаётганимда эфирдан четлатишган. Радиода жонли эфирда ўйин олиб бораётган пайтда русча ёки ўзбакча гапириш керак. Ўша пайти ўйиндан завқланиб, тингловчининг ҳис-ҳаяжони билан қўшилиб кетиб ‘зато’ деб юборганман. Шунда бир ҳафта эфирдан четлатилганман. Бундай воқеалар кўп бўлган лекин тушкунликка тушмаганман. Мен доим ўзимга ҳали ҳаммаси зўр бўлади дердим», — дейди бошловчи.