Янгиликлар

Жалолиддин Аҳмадалиев 26 млн сўм жаримага тортилди

Хонанда муаллифлик ҳуқуқини бузганликда айбланган

Жалолиддин Аҳмадалиев 26 млн сўм жаримага тортилди

Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиев муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун 26 миллион сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк департаменти хабар берган.

Жалолиддин Аҳмадалиев Беҳзод Фазлиддиннинг шеъридан рухсат сўрамай фойдалангани учун иш очилганди. Бу ҳақда шоирнинг ўзи маълум қилган. У «Айёр дўстларим» шеърини 2012 йилда ёзганини таъкидлаган. Хонанда ушбу шеърдан рухсатсиз фойдалангани учун қўшиқ YouTube саҳифасидан ўчирилганди.

Шоир Беҳзод Фазлиддиннинг мурожаати тегишли тартибда ўрганиб чиқилган. Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг қарорига асосан, хонанда муаллифлик ҳуқуқини бузганлиги тасдиқланган. Унга нисбатан маъмурий жарима жазоси тайинланган. Ушбу иш бўйича суднинг ҳал қилувчи қарори шоирнинг фойдасига ҳал бўлган. Унга кўра, Беҳзод Фазлиддинга базавий хисоблаш миқдорининг 80 баробари, яъни 24 миллион сўм товон пули, 2 миллион сўм маънавий зарар, жами 26 миллион сўм пул ундириб берилди. Жалолиддин Аҳмадалиевга «Айёр дўстларим» номли қўшиғни ижтимоий тармоқлардан олиб ташлаш мажбурияти юклатилди.