Янгиликлар

Тимур Алихонов «Агарда пуллар» клипи учун қанча маблағ сарфлаганини айтди — видео

Хонанда уни суратга олиш учун қанча вақт кетганини ҳам айтган

Тимур Алихонов «Агарда пуллар» клипи учун қанча маблағ сарфлаганини айтди — видео

Инстаблогер, хонанда Тимур Алихонов Instagram саҳифасида «Агарда пуллар» клипига қанча маблағ кетганини айтди.

У клип ҳақида умумий маълумотларни берган. Xонанда видеоклип 2 ҳафта давомида суратга олинганини таъкидлаган. Шунингдек, Тимур Алихонов шеригидан клип учун 3000 доллардан кўпроқ пул сарфлангани ҳақида сўраган. У эса блогерга 7000 долларга яқин пул кетганини айтган.

«2 ҳафта ичида клипни тугатганмиз. Энг қизиғи, ‘Агарда пуллар’ клипига 7000 долларга яқин пул сарфланган», — дейди Тимур Алихонов.

Хонанданинг клипи 15 май куни YouTube’га жойланган. У 168 мингдан кўпроқ кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбек хонандалари битта клип учун қанча пул сарфлаши маълум бўлганди.

Унга кўра, Озодбек Назарбеков «Мендирман ўша» қўшиғига ишланган клипи учун 15 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаган. Бироқ клипмейкер клипга сарфланган харажат ўзини оқламаганини таъкидлади. У бунга графика кўнгилдагидек чиқмаганини сабаб қилиб кўрсатган.

Шунингдек, клипмейкер Жамшид Исоқхўжаевнинг сўзларига кўра, Зиёданинг «Тор кўча» қўшиғининг клипи учун 4000 АҚШ доллари сарфлаган. Хонанда Озода Нурсаидова эса тарихий йўналишда суратга олган «Аждодлар» клипи учун 10 000 АҚШ доллари харажат қилган.

Яна бир клипмейкер Ҳабибуллоҳ Набиевнинг таъкидлашича, у арзон нархга клип олмайди. Ижодида Муниса Ризаеванинг клипи учун энг кўп маблағ олганини қайд этган.

«Очиғи, арзонга клип суратга олмайман. Ўртача клипни, тахминан, 5 000-7 000 АҚШ долларига суратга оламан, маблағ қимматлик қилса таклифни рад этаман. Ижодимдаги энг қиммат клипни Муниса Ризаеванинг ‘Бўлди, юрак’ қўшиғи учун суратга олганман. Клипда ёнғин ва автоҳалокат каби мураккаб саҳналарни жонлантириш катта маблағни талаб этади. Ундан кейин Озода Нурсаидованинг ‘Ҳабиби’ қўшиғи учун 10 000 АҚШ долларига клип олдик. Клип учун махсус декорация қурилган», — дейди Ҳабибуллоҳ Набиев.

Шунингдек, Имрон ижодидаги энг қиммат клип қайси эканини айтганди. Имрон ижодидаги энг қиммат, яъни энг катта маблағ сарфланган клип машҳур турк хонандаси Дилан Татлисес билан ҳамкорликда куйланган «Ёлғиз» таронасига ишланган клип эканини айтди.

«Ижодимдаги энг қиммат клип Истанбулда суратга олинган хонанда Дилан Татлисес билан биргаликда куйлаган дуэтим бўлган. Менимча бу клипга 30 000 доллар, яъни 300 000 000 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди», — дейди хонанда Имрон.

Актёр Муҳаммадали Алиев Муниса Ризаеванинг «Бўлди юрак» клипидан қанча гонорар олганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу лойиҳага клипмейкер Ҳабибуллоҳ Набиев таклиф қилган. Актёр эса партнёр сифатида Камила Гимандиновани таклиф қилган. Режиссёрнинг таъкидлашича, «Бўлди юрак» ўзбек шоу-бизнесидаги энг қиммат клип. Муҳаммадали Алиев клипдан 800 АҚШ доллари олганини маълум қилди. Шунингдек, у клипмейкер билан актёрнинг ўзи суратга оладиган лойиҳаларида амалий ёрдам беришига келишган.

«2020 йили клипмейкер Ҳабибуллоҳ Набиев Муниса Ризаеванинг ‘Бўлди юрак’ клипига таклиф этди. У билан партнёр борисида бош қотирдик. Шунда Камила Гимандинова билан клипда ҳам суратга тушсакчи, дедим. Бу фикр клипмейкерга ҳам маъқул келди. ‘Бўлди юрак’ клипи ўзбек шоу-бизнесидаги энг қиммат клиплардан бири ҳисобланади. Ролим мураккаб бўлгани боис гонорарим ҳам анча баланд бўлган. Клипмейкер билан 800 АҚШ долларига келишганмиз. Бундан ташқари, Ҳабибулло ака ўзим суратга оладиган клипларда амалий кўмак беришни ҳам ваъда қилганди. Сўзининг устидан чиқиб, режиссорлигимдаги илк клипни суратга олишимга кўмаклашди. Орадан тўрт ой ўтиб Муниса Ризаева қўнғироқ қилиб яна бир клипига таклиф этди. Муниса Ризаева билан яқин бўлганимиз учун иккинчи таклифни ҳам бажонидил қабул қилдим. ‘Айрилдинг’ клипини Жамшид Ҳожиниёзов суратга олди. Муниса Ризаевани ҳурмат қиламан, мард, самимий инсон», — дейди у.