Янгиликлар

Самарқанддаги Ўзбекистон маданий мероси бўйича конгрессга келган хорижлик мутахассислар ижобий фикрлар билдирди

Самарқанд шаҳрида 22 июль куни Халқаро конгресс очилиши бўлиб ўтди

Самарқанддаги Ўзбекистон маданий мероси бўйича конгрессга келган хорижлик мутахассислар ижобий фикрлар билдирди

Самарқанд шаҳрида 22 июль куни «Ўзбекистон маданий мероси — янги ренессанс пойдевори» мавзусидаги VI Халқаро конгресс очилиши бўлиб ўтгани тўғрисида хабар берилганди. «Bugun.uz» мухбири тадбирга келган хорижлик мутахассислар билан суҳбатлашди.

Конгрессда «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги 10 та янги китоб-албом тақдимоти бўлиб ўтган. 25 дан ортиқ давлатдан 350 нафар олим, дунёга машҳур 100 та кутубхона ва музейлар китоб-албомлар серияси устида ишлаган тўплам 60 жилдга етган.

«Истанбул кутубхоналарида ҳам Алишер Навоийнинг қўлёзмалари бор. Бу шуни кўрсатадики, биз бир маданиятнинг, бир халқнинг фарзандларимиз. Бу китоблар турк ва ўзбек қардошлигининг кўп асрлик тимсолидир», — дейди Туркия элчихонасининг маданият ва туризм бўйича маслаҳатчиси Алпарслон Акинжи.

Тожикистон Фанлар Академияси Марказий илмий кутубхонаси директори Шодимуҳаммад Сўфизода эса «Ўзбекистон маданий мероси — янги ренессанс пойдевори» конгресси Ўзбекистон—Тожикистон ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган.

«Бу ноёб лойиҳа бўлиб, у кўплаб дунё халқаро ўртасида ўзаро алоқалар, дўстлик ва ҳамкорлик учун барча шароитларни яратади. Ўзбекистон ҳозирги глобализация даврида бутун дунёга ўзининг буюк маданий мероси ҳақида маълум қилмоқда, бу мустаҳкам алоқалар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Биз Тожикистон вакиллари 6-конгресснинг барча тадбирларида фаол иштирок этаётганимиздан мамнунмиз ва ўйлайманки, ажойиб натижаларга эришамиз ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик алоқаларининг давом этишига хизмат қилади», — дейди у.