Янгиликлар

«Реставраторлар мактабини тиклаш керак». Зафар Ҳакимов маданий мерос объектларидаги муаммолар ҳақида гапирди

Унга кўра, обидаларни замонавий қурилиш воситалари билан тиклаш UNESCO’нинг қатор эътирозларига сабаб бўлади

«Реставраторлар мактабини тиклаш керак». Зафар Ҳакимов маданий мерос объектларидаги муаммолар ҳақида гапирди

«Мозийдан садо» журнали бош муҳаррири Зафар Ҳакимов «Bugun.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва тиклаш, музейларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, охирги вақтларда қатор қонунлар қабул қилинган бўлсада, бугунги кунда Маданий мерос кодекси ишлаб чиқиляпти. Ушбу кодекс барча илгари чиққан қонунларнинг бандлари, талаблари, фармон ва қарорларни қонуности мажмуасидир.

«Миллий маданиятмизни янада ривожлантириш концепцияси тўғрисидаги Президент қарорида жамоатчиликни жалб қилиш белгиланган. Чунки бу Конституциявий норма. Ҳар бир фуқаро маданий меросни асраш ва муҳофаза қилишга мажбурдир. Шу нуқтаи назардан фикрим шундайки, қарорда белгиланган ҳар бир кўзга кўринган мажмуа — бу археология ёдгорлиги бўладими ёки меморий обида бўладими жамоатчилик инспекторини тайинлаш. Бу қанчалик бажарилаётганидан хабарим йўқ, лекин илмий экспертлар кенгашига қайта қуриш ва таъмирлаш бўйича келаётган таклифлар кўпинча ҳудуддаги тарихий-маданий ҳолат эътиборга олинмаяпти», — дейди у.

Ҳакимов Ўзбекистонда ўлкашунослик ҳаракатини қайта ташкил этиш таклифини билдирган.

«Бизда обидалар гўёки комплекс тикаланади. Масалан, Бибихоним масжиди. У замонавий қурилиш воситалари билан тикланди. Ҳозир UNESCO’нинг ўзига хос саволлари бор. Ёки Шаҳрисабз — бутун шаҳар тарихий ландшафти ўзгартирилди. Унга ҳам UNESCO’нинг эътирози бўлди, лекин раҳбарларимиз уни регинирация қиламиз деб ваъда беришди. Ҳозирча Шаҳрисабзни UNESCO рўйхатидан чиқариш масаласи қолдирилди.

Муаммолар кўп, булар реставраторлар мактаби билан боғлиқ. Илгари бизда Реставрация институти бўларди. Катта, илмий-ижодий институт эди, у ерда яхши меъмор ва халқ усталари жамоаси шаклланганди. Улар тиклаш лойиҳаларини ишлаб чиқарар эди, ҳозир бу институт деярли йўқ бўлди», — дея таъкидлайди Зафар Ҳакимов.

Унинг сўзларига кўра, реставраторлар мактабини икки йўналишда тиклаш керак — биринчиси, музей йўналишида, иккинчиси эса археология ва меъморий обидаларни реставрация қилиш бўйича.