Янгиликлар

Раъно Шодиеванинг оиласи жудоликка учради — фото

Бу ҳақда актрисанинг ўзи хабар берди

Раъно Шодиеванинг оиласи жудоликка учради — фото

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, I даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибаси Раъно Шодиева оиласида оғир жудоликка учраганини маълум қилди.

Актриса бу ҳақда 26 июль куни Instagram саҳифасида маълум қилган. Раъно Шодиева бувиси билан тушган суратини эълон қилган ва жойи Жаннатда бўлишини сўраган.

«Менинг гўзал, меҳрибон бувижоним жойингиз Жаннатда бўлсин», — деб ёзади актриса.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Раъно Шодиева унда саратон қандай бошлангани ҳақида гапириб берганди. Актриса касалликни вақтида пайқаган ва шифокорларга мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, жуда оғир аҳволда бўлган. Шифокорлар унга икки-уч ой умри қолганини айтган. Саратон бошланишидан олдин у иш юзасидан Москвада бўлган.

«Аллоҳ менга шундай бир синов берди. Ҳозир шу синовни чиройли енгиб ўтишга ҳаракат қилмоқдаман. Мен жуда оғир аҳволда эдим. Шифокорларнинг айтишича, икки-уч ойлик умрим қолган экан, касалликни вақтида пайқабман.

Ҳаммасини бошидан айтадиган бўлсам, бу худди кинодагидек бўлди. Мен касаллигимни билишимдан аввал Москвада эдим. Халқаро ‘Кар-соқовлар жамияти’нинг Конгрессига, Ўзбекистон номидан борган эдим. Қизил майдонни айландим, Instagram’да обуначиларим билан жонли мулоқот қилдим. Кремлда гала-концертларда қатнашиб, эртаси куни Ўзбекистонга учиб келишим керак эди», — дейди у.

Актриса Ўзбекистонга қайтиш учун аэропортга кириб борганида кучли оғриқ бошланган ва ҳушини йўқотган. Раъно Шодиева сабаб рейс 40 дақиқага кечиктирилган. Бироқ актриса ўзига келгач, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган. У келгач турмуш ўртоғи билан шифохонга борган ва жигар саратонига чалинганини билган.

«Самолётга кираётганимда, даҳшатли оғриқ бошланди, кейин эса хушимни ёқотибман. Ўзим бу нарсани сезмай ҳам қолдим. Мен сабаб рейс 40 дақиқага кечиктирилибди. Ҳатто, тез ёрдам билан аэропортдан шифохонага юбормоқчи бўлишди. Лекин ўзимга келганимдан сўнг,’Нима бўлишидан қатъи назар Ўзбекистонга қайтаман’, деб тез ёрдам ходимларига тилхат ёзиб бериб, Тошкентга қайтдим. Келганимдан сўнг сездимки, менда нимадир бошқача, ҳеч қачон мени безовта қилмаган муаммолар пайдо бўлди. Эртаси куни турмуш ўртоғим билан клиникага бордик ва мен бу ташхисни эшитдим: онкология, жигар саратони», — дейди актриса.

Раъно Шодиева жигарининг 50% ини метастаза босиб кетганини айтди. Шундан сўнг шифокорлар унга даволаниш учун Германия ёки Туркияни маслаҳат берган. Актриса эса Туркияни танлаган ва ўша ерда даволанган.

«Бир кунда ҳаётим умуман бошқа томонга ўзгарди. Жигаримнинг 50% ини метастаза босиб кетган экан. Аҳволим эса жуда-жуда ёмон экани маълум бўлди. Бир-икки кунда қаерда муолажа олишимни муҳокама қилдик. Ўзбекистондаги шифокорлар ‘Сизнинг касалигингизни Ўзбекистонда муолажа қилиш жуда қийин масала, сабаби технология ва дорилар бизда муаммо, чет элда муолажа қилсангиз яхши бўларди’, дейишди. Бизга Германия ва Туркия вариантини айтишди, мен эса Туркияни танладим», — дейди Раъно Шодиева.