Янгиликлар

«Оscar–2022» мукофотининг қисқа рўйхати эълон қилинди

Ушбу рўйхатга «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми киритилмади

«Оscar–2022» мукофотининг қисқа рўйхати эълон қилинди

Кино санъати ва фанлари академияси «Оscar-2022» учун 10 та номинация бўйича қисқа рўйхатларни эълон қилди. Ўзбекистонлик кино ижодкорлар илгари сурган фильм рўйхатдан ўрин олмади, деб хабар бермоқда «Shoubiz.uz» мухбири.

Халқаро 94-Оscar мукофоти учун жами 93 давлат ўз фильмини топширган. Улардан энг яхши 15 таси қисқа рўйхат (shortlist) учун танлаб олинди. «Энг яхши хорижий бадиий фильм» номинацияси бўйича бош мукофотга даъвогарлик қилган «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми қисқа рўйхатдан жой олмаган. Қисқа рўйхатдан кейинг якуний ва расмий номзодлар эса 2022 йилнинг 8 февралида маълум бўлади. Тақдирлаш маросими эса 27 март куни ўтказилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон «Oscar» миллий қўмитаси ўтган 2020 йили «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясида мукофот учун «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмини танлаган эди. Бироқ ушбу фильми ўшанда бош мукофот номзодларнинг дастлабки кенгайтирилган рўйхатига ҳам кира олмаганди.

Ушбу фильм сценарий муаллифи ва режиссори Ёлқин Тўйчиев бўлиб, унда Туркистонда 1920 йилларда содир бўлган сиёсий воқеаларнинг таъсири бир оила, яъни, тўртинчи бор уйланган Комил ва унинг хотинлари мисолида очиб берилган. Фильмда Санобар Ҳақназарова, Баҳром Матчонов, Илмира Раҳимжонова, Юлдуз Ражабова ва Маржона Улжаева каби санъаткорлар роль ижро этган.

2019 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Oscar қўмитаси ташкил қилинган ва АҚШ киноакадемияси томонидан рўйхатдан ўтказилган. Мукофот учун илк бор Умид Хамдамовнинг «Иссиқ нон» фильми Ўзбекистон номидан нуфузли мукофотга илгари сурилган эди.