Янгиликлар

Орол бўйидаги Техно: Мўйноқда электрон мусиқа «Стихия» фестивали ўтказилади

Бу йилги фестивал учун учта алоҳида-алоҳида саҳна яратилади

Орол бўйидаги Техно: Мўйноқда электрон мусиқа «Стихия» фестивали ўтказилади

Мўйноқдаги кемалар қабристонида 6-8 май кунлари «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали бўлиб ўтади.

Лойиҳа 2017 йилда Мўйноқ шаҳрида Орол денгизининг экологик ҳалокатидан хабардорликни ошириш ва минтақанинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, Ўзбекистонда яшовчи халқларни бутун дунёга танитиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда Орол фожеаси бутун Марказий Осиё минтақасидаги энг кескин экологик муаммо бўлиб қолмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятини ушбу табиий офатга эътибор қаратишга ва бу борада саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирган эди.

Бугунги кунда «Стихия» бутун дунёдан мусиқачилар, «ДЖ»лар, продюсерлар, рассомлар ва олимлар иштирокидаги бир нечта лойиҳаларнинг аралашмасига айланди. Уларнинг барчасини ер юзидаги ўзига хос масканда диққатга сазовор жой яратиш мақсади бирлаштиради.

Бу йилги фестивал учун учта алоҳида-алоҳида саҳна яратилади: электрон, прогрессив ва этник. Унда Ўзбекистон, Туркия, Россия, Германия, Грузия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Нидерландия, Украина, Франсия, Швеция ва Япониядан 30 га яқин машҳур «ДЖ»лар иштирок этиши кутилмоқда.

Фестивал ўзида «Стихия Ген лойиҳалари», «Форум Стихия Н+1», «6 миллиард дарахт» ва турли ижтимоий ташаббусларни қамраб олади. Лойиҳалар ва фестивал дастури ҳақида батафсил маълумотлар тез кунларда маълум қилинади.

Фестивалга чиптани www.stihia.org сайтидан харид қилиш мумкин.