Янгиликлар

Муқаддас Саъдуллайева Райҳоннинг эгизакларини туғилган куни билан табриклади — фото

Улар Йигиталининг ўғиллари

Муқаддас Саъдуллайева Райҳоннинг эгизакларини туғилган куни билан табриклади — фото

Актриса Муқаддас Саъдуллайева хонанда Райҳоннинг эгизак фарзандларини туғилган куни билан табриклади.

Райҳоннинг эгизак фарзандларининг отаси Муқаддас Саъдуллайеванинг турмуш ўртоғи Йигитали Мамажоновдир. Актриса уларга бахт ва умри зиёда бўлишини тилаган.

«Аллоҳ бахтингиз, умрингизни зиёда қилсин. Тақдирингиз гўзал бўлсин. Шукрона кунингиз муборак бўлсин», — деб ёзади Муқаддас Саъдуллайева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Муқаддас Саъдуллаева Йигитали эгизакларини ёқтирмаслиги ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритганди. Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи биринчи турмушидаги фарзандларини эсидан чиқармаган. Йигитали Мамажонов ўғли Абубакрсиддиқнинг ҳар бир ҳаракатини катта ўғиллари Имрон ва Исломга ўхшатишини айтди. Муқаддас Саъдуллаева эри фарзандлари билан кўришишига қарши эмаслигини таъкидлади.

«Мен улар билан кўришишини жуда хоҳлайман. Биз эрим билан бу ҳақда жуда кўп гаплашганмиз. Ҳақиқатдан, меҳри ўзгача. Одамлар болаларини яхши кўрмайди, эсдан чиқариб юборган деб ўйлайди. Ундай эмас. Ўғлимизнинг ҳар битта ҳатти-ҳаракатини кузатганида, Имронга ўхшаб кетяпти, Исломга ўхшаб кетяпти дейди. Фикри-ҳаёли фақат уларда. Лекин энди вазият шу нарсани тақазо қиляпти. Мен умуман қизғонмайман. Фарзандларим ака-опалари билан биргаликда ўйнаб, катта бўлишини хоҳлайман», — дейди у.

Шунингдек, Райҳон Дубайда Йигиталининг собиқ хотини билан учрашиб қолганди. Хонанда Райҳон ўзининг Instagram саҳифасига Йигиталининг собиқ рафиқаси қозоғистонлик Нигина билан учрашган ва танишиб олган. Унинг таъкидлашича, Нигина билан танишганидан жуда мамнун.

«Шахсан танишганимдан хурсандман», дея Райҳон фото остига изоҳ ёзиб қолдирган.

Йигитали Мамажонов 2017 йилда чимкентлик Нигина исмли қиз билан оила қурган эди. Актёр у билан ҳам узоқ яшамай ажрашган. Ажрашган сабабини эса қуйидагича изоҳлаган: «Уларнинг тарбияси бизнинг тарбиямизга тўғри келмас экан. Уларни ҳам ёмонламайман. Иккинчи аёлим ўзимдан тўрт ёш кичкина эди. У ҳам ҳаётида ўзига яраша қийинчиликларни, ҳар хил одамларни кўрган, оилавий муаммоларни билган, турли синовлардан ўтган эди. Менинг характерим жуда оғир, айтган гапимни қилдирмасам бўлмайди. Бир нарсани ундан жуда қаттиқ илтимос қилганман, айтганимни қилмаган, у бурчга рози эмасман, ўзим билганимни қиламан, деган. Унда майли, билганингни қилавер, деганман. Қилмайман, дегандан сўнг уни уриб, жоҳиллик билан айтганингизни қилдирмайсизку, тўғрими? Шундан сўнг у томонга қараб йўл юрилмаган. Демак шундай бўлиши керак экан, бу ҳам хатоларимдан бири бўлган».

Маълумот учун, Йигитали Мамажоновнинг иккинчи турмушидан қиз фарзанди бўлиб, у 2018 йилнинг 17 февраль куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида дунёга келган. Йигитали Мамажонов 2018 йилда актриса Муқаддас Саъдуллаева билан қонуний турмуш қурганини маълум қилган.