Янгиликлар

Бурак Ўзчивит Ўзбекистонга қачон келишини маълум қилди — фото

Актёр ўз саҳифасида айтиб ўтган

Бурак Ўзчивит Ўзбекистонга қачон келишини маълум қилди — фото

Турк актёри Бурак Ўзчивит XIV Тошкент халқаро кинофестивалига келиши маълум бўлди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги Ахборот хизмати хабар берган.

У кинофестивалнинг юлдузли меҳмонларидан бирига айланиши кутилмоқда. Маълум бўлишича, актёр турк актёрлари делегацияси билан фестивалнинг асосий тадбирларида иштирок этади. Халқаро кинофестивалнинг очилиш маросими 15 сентябрь куни Форумлар саройида бўлиб ўтади. Ушбу маросимда Бурак Ўзчивит ҳам иштирок этади.

Туркия делегацияси Тошкентда бир нечта фильмларни намойиш этади. Улар 16 сентябрь куни Урганчга жўнаб кетади ва у ерда ҳам 2 кун давомида бир қатор фильмларини тақдим этади.

«Тошкент шаҳар ҳокимлигига турк сериаллари юлдузларининг кинофестивалга келишини ташкил қилганлиги учун уларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ишончим комилки, уларнинг ташрифи кўплаб мухлисларни қувонтиради», — деди Тошкент халқаро кинофестивалининг Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

Шунингдек, Бурак Ўзчивит ўзининг расмий Instagram саҳифасида ҳам буни маълум қилган. У «stories»ига ўзининг суратини жойлаб, қуйидагича изоҳ қолдирган.

«14-15 сентябрь кунлари Тошкент кинофестивалида бўламан», — деб ёзади актёр.