Янгиликлар

«Бошқа бу ишни қилмайман». Азиз Раметов илк бор Шоҳруҳхон билан дўстлиги бузилганининг сабабини айтди — видео

«Ўшанда ҳам мени кечирган», — дейди у

«Бошқа бу ишни қилмайман». Азиз Раметов илк бор Шоҳруҳхон билан дўстлиги бузилганининг сабабини айтди — видео

Актёр Азиз Раметов «Mashhurlar» кўрсатувига берган интервьюсида Шоҳруҳхонга нисбатан ноҳақлик қилгани учун уларнинг дўстлиги бузилганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, икки яқин дўстини ўзи қилган ноҳақлик сабаб йўқотган. Улардан бири хонанда Шоҳруҳхон бошқа бири эса Шероз исмли дўсти бўлган. Азиз Раметов бу ишни қайта-қайта қилгани ва уларнинг дилини оғритганини айтди. У Шоҳруҳхоннинг уйида етти йил Янги йил байрамини биргаликда нишонлаганини таъкидлади. Актёр ҳозирда уларнинг ишончига қайтишни истайди.

«Икки яқин дўстимни йўқотганман. Жуда қалин дўстларим бўлган. Иккаласига ҳам мен ноҳақлик қилганман. Биринчиси хонанда Шоҳруҳхон, у ҳам дўстим, акам, улфатим, қадрдоним, унга ҳам ноҳақлик қилганман. Ўшанда ҳам мени кечирган, у жуда ҳам мард инсон.

Иккинчиси Шероз, унга ҳам ноҳақлик қилганман. Ҳаёт шунча кўзимни очса ҳам, қайта-қайта шу ишни қилганман ва уларнинг дилини оғритганман. Мен бу орқали кечирим сўрамоқчи эмасман, лекин узр сўрасам ҳам, барибир дили озор чекиб бўлган, уни ортга қайтариб бўлмайди. Ҳар куни Аллоҳдан сўрайман, қандайдир амал берса ва уларнинг қалбига йўл топиб яна ўша илиқлик, ишонч қайтишини истайман. Бу дунёда дўстдан келган озор ёмон бўлади ва дўстлик муҳаббати кучли нарса. Мен Шоҳруҳхоннинг уйида етти йил Янги йил байрамини кутганман. Дўстларимдан, устозларимдан кечирим сўрайман, бошқа бу ишни қайтармайман», — дейди актёр.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Азиз Раметов ҳамкасбини қучоқлаб роль ўйнагани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Азиз Раметов ушбу саҳнада актриса, хонанда Дилхумор Эсиргапова билан бирга суратга тушган. Бу жараён акс этган видеони актрисанинг админстратори эълон қилган. Унда Азиз Раметов Дилхумор Эсиргапова иш қилаётган пайти орқасидан келиб қўрқитган. Кейин у мувозанатни йўқатган ва йиқилиб кетган. Шу пайт уни актёр ушлаб қолган.

Ушбу видео остидаги изоҳларда кўплаб салбий фикрлар билдирилган. Улардан бири Азиз Раметовнинг хотини эрини рашк қилмаслигини айтгани эслаб ўтган. Бошқа бири бундай саҳналар Европа киноларига тўғри келишини таъкидлаган.

Шунингдек, актёр унга турмушга чиқмагани учун Ситора Фармоновадан аламини олганди. Улар «Sevimli» телеканалидаги «Ishtaha karnay» кўрсатувида учрашган. Ситора Фармонова унда бошловчилик қилади. Азиз Раметов эса иштирокчи сифатида қатнашган. Видеода актриса ҳамкасбидан нима сабабдан ичимликларини ичиб қўяётганини сўраган. Азиз Раметов эса хонанда унга турмушга чиқмагани учун шундай қилганини таъкидлаган.