Янгиликлар

Қашқадарёда Президент ташаббуси билан ўтказилган иншолар танлови ғолиблари аниқланди

Танлов 170 мингга яқин ўқувчини қамраб олди

Қашқадарёда Президент ташаббуси билан ўтказилган иншолар танлови ғолиблари аниқланди

Қашқадарё вилоятида Президент ташаббуси билан ўтказилган иншолар танлови ғолиблари аниқланди.

У ерда киноижодкорлар, маданият арбоблари иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, вилоят бўйлаб Кинематография агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида иншолар танлови ҳам ташкил этилди. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун «Муҳаббат баҳори» фильми илк маротаба премьера қилиниб, фильм асосида «Кино қаҳрамонларидан ўрнак оламиз» мавзусида иншолар танловининг якуний босқичи ўтказилди. Тадбир ҳақида Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов батафсил маълумот берди.

«Мактаб ўқувчилари ўртасида фильмлар намойиши ва иншолар танловини ўтказиш ташаббуси Шавкат Мирзиёевга тегишли. Бугун ушбу ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Мазкур танлов 170 мингга яқин ўқувчини қамраб олди. Танлов доирасида мактаб ўқувчилари учун турли жанрларда ишланган фильмлар намойиш этилди. Финалгача эса 45 нафар ўқувчи етиб келди. Якуний босқичда ўқувчилар учун ўзбек халқининг суюкли шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфиянинг ҳаёти, ижоди, ўзаро муҳаббати ва садоқати ҳақида ҳикоя қилувчи фильмнинг илк премьераси тақдим этилди. Ушбу танловни юқори савияда ташкил этгани учун ҳамкорларимиз — Президент админстрацияси, Халқ таълими вазирлигига шунингдек, Ёзувчилар уюшмасига миннатдорчилик билдирамиз», — дея изоҳ берди Фирдавс Абдухолиқов.

Қайд этишлишича, Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» фильми Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган. Фильм Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ва жамоат арбоби, шоир Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижодига бағишланган.

«Ушбу фильмни суратга олаётганимда уни биринчи навбатда мактаб ўқувчилари кўриши лозимлигини билардим ва бундан жуда хурсандман. Бу мен учун режиссёр сифатида катта совға бўлди», — деди фильм режиссёри Иброҳим Расулов.

Болалар фильмни томоша қилгандан сўнг ўз таассуротларини иншо шаклида ёзиб берди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан энг яхшилари аниқланиб, ғолибларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, танловда иштирок этган барчага фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

«Ўқувчилар ўртасида бундай танловлар кўп ўтказилади, аммо бу галги танлов улар учун ғайриоддий ва эсда қоларли кечди. Ўзбекистоннинг буюк шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижодини ўрганиш мактаб ўқув дастурига киритилган ва бу борада фильмлар томоша қилиш, иншолар ёзиш болаларнинг дунёқарашини кенгайтиришига ишончимиз комил. Ўйлайманки, бу каби ташаббуслар таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади», — деди Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Насиба Мамараимова.

Танлов финалига қадар 45 нафар ўқувчи етиб келди. Уларнинг барчасига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумига оид китоблар совға сифатида тақдим этилди. Барча совринли ўринларни қизлар қўлга киритгани ҳам эътиборга молик. Танловда биринчи ўринни Ўктамова Севинч, иккинчи ўринни Хушмуродова Нилуфар эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Яхшиева Севинчга насиб қилди. Иншолар танловининг ғолибларига мукофотларни Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Нодир Холбўтаев, Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Насиба Мамараимова ва бошқалар тантанали равишда топширди. Танлов ғолиби, Шаҳрисабз туманидаги 24-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Севинч Ўктамова тадбир ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

«’Кино қаҳрамонларидан ўрнак оламиз’ мавзусида ўтказилган иншолар танлови бизни жуда ҳам илҳомлантирди. Биз кўп фильмларни томоша қиламиз, лекин улар ҳақида ўз фикримизни ёзмаймиз. Бундай имконият мазкур танловда тақдим этилди. Мактаб ўқувчиларига шундай ажойиб имкониятлар яратиб бергани учун Президентимиздан жуда миннатдорман. ‘Муҳаббат баҳори’ фильми менда катта таассурот қолдирди. Танловда фахрли биринчи ўринни эгалланимдан хурсандман, ушбу ютуқни нафақат ўзимнинг, балки устозларим ва ота-онамнинг ютуғи деб биламан», — деди Севинч Ўктамова.