Янгиликлар

Алишер Узоқовни Голландияда ўғрилар тунаб кетди — фото

Актёр бу ҳодиса футбол учрашувидан сўнг бўлганини айтди

Алишер Узоқовни Голландияда ўғрилар тунаб кетди — фото

Хонанда, телебошловчи Алишер Узоқов Instagram саҳифасида Голландияда шахсий буюмларини ўғирлатиб қўйганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бу воқеа Голландия — Уелс ўйинидан сўнг содир бўлган. Актёр «Uzbekistan’s club» жамоаси билан учрашувга тушган. Улар футболдан чексиз адреналин олган. Бироқ бу таассуротлар узоққа чўзилмаган. Актёр жамоа аъзолари билан машиналар тўхташ жойига келганда, автомобилининг ойнаси синганини кўрган.

«Ўғирлик. Мен футболни қанчалик яхши кўршимни барчангиз жуда яхши биласиз. Биз ‘Uzbekistan’s club’ жамоаси билан Голландия — Уэлс ўртасидаги ўйинда қатнашишга муваффақ бўлдик. Биз у ерда чексиз адреналин, келгусидаги фаолиятимиз учун кучимизга куч қўшилганини сездик.

Бироқ бизнинг таассуротларимиз унчалик ёқимли бўлмаган, ҳатто, даҳшатли ҳолат туфайли тарқаб кетди. Биз қувноқ кайфиятда ўйиннинг энг ёрқин дақиқалари ва режадаги кечги овқатни муҳокама қилиб ‘парковка’га қайтаётган эдик. Шу пайт машинамизнинг синган ойнасига кўзимиз тушди. Бу шок ҳолати эди. Ҳайратдан қотиб қолдик. Илк дақиқаларда ҳеч ким бирор гап айтишга журъат қилолмади. Ва бир неча дақиқадан сўнггина биз асабий тарзда салондаги нарсаларни кўздан кечира бошладик», — дея ёзади хонанда.

Ўша вақтда Алишер Узоқов шахсий буюмларини йўқотганини пайқаган. Улар ичида хонанданинг паспорти ҳам бўлган. Бу ҳақда Голландия полициясига хабар берилганда, улар бунга вақти йўқлигини таъкидлаган.

«Мен энг қимматли нарсам – шахсий буюмларим солинган сумкамдан айрилдим. Паспортим ҳам унинг ичида эди. Қанчалик хафа бўлганимни сўз билан тасвирлаш қийин.

Энг қизиғи, Голландия полицияси ҳеч қандай амалий чора кўрмади. Улар учун бу жиноят жиноят ҳисобланмас экан. Тасаввур қиляпсизми? Уларга мурожаат қилганимизда ҳозир бизнинг ишимизни ўрганиш учун ҳеч кимнинг вақти йўқлигини айтишди. Шунчаки шок. Шунчаки даҳшат.

Меҳмонхонага қайтишдаги сукунат бутун жамоанинг ғамгин кайфиятини ўзида акс эттирар эди», — дейди Алишер Узоқов.

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Алишер Узаков (@alisheruzakov_official)

Аввалроқ Шаҳзода Муҳаммедова Италияда телефонини йўқотиб қўйганди. У дизайнерлик касби бўйича модалар намойишига борган. Бироқ, сафарга чиққан вақти 4 ярим миллион обуначиси бўлган Instagram саҳифаси блокланиб қолган. Бундан ташқари тахминан 13 минг доллар бўлган телефонини ҳам ўғирлатиб қўйган.

«Роппа роса 6 йилдан сўнг оилам билан Италияга яна келиш насиб қилди. Бу сафар дизайнерлик касбим бўйича модалар намоиши учун келдик. Бу галги таасуротларимни ижобий қиламан деб ўзимга ваъда бергандим. Лекин 4 ярим миллион кузатувчиси бўлган саҳифам блокланиб, айрилдим ва 5 кундан кейин эса янги телефонимни ўғирлаб кетишди. Ҳеч қайси шаҳарда бундай кўнгилсиз воқеалар мен билан содир бўлмаган эди», — дейди Шаҳзода Муҳаммедова.

Шунингдек, «Афандининг қизлари»даги Муборак Туркияда пуллари ва телефонини ўғирлатиб қўйганди. Улар 10 қисмли ситкомни суратга олиш учун Туркияга кетган эди. Саёҳат давомида актрисалар савдо мажмуасига келган ва ўзи учун харид қилмоқчи бўлган. Лекин мазкур мажмуада Муборак ўз телефонини ўғирлатиб қўйган. Бундан хабар топгач эса полицияга мурожаат қилган. Шундан сўнг улар идорага борган.

«Биз полицияга келдик. Савдо мажмуасидалигимизда Муборакнинг телефонини ўғрилаб кетишибди. Ҳазиллашишяпти деб ўйлашингиз мумкин, аммо ҳазил эмас. Хуллас, айтиб беришимиздан мақсад, Туркияга келганинггизда жуда эҳтиёт бўлинг. Бу ерда ўғрилар жуда кўп экан. Лекин виждони бор ўғри экан, йўл ҳақи ташлаб кетибди», — дейди Нигора Абдуллаҳанова.

Муборак Абдуллаева эса телефонига ҳам, пулларига ҳам ачинмаслигини, фақатгина телефонида бўлган фото ва видеолари учун йиғлаганини таъкидлаган.

«Хуллас эҳтиёт бўлинг. Телефонимга ҳам, пулимга ҳам ачинмадим. Телефонимдаги расм ва видеоларимга йиғладим. Бошқа телефон олсам нарсаларини қайтарсам бўладими», — дейди Муборак.

Жамоанинг яна бир аъзоси Нигина Жабборова эса дугонасини овутиб, ўғрига мурожаат қилган.

«Агар кўраётган бўлсанг қўлинг синсин», — дея ўғрига мурожаат қилган Нигина.