Янгиликлар

Алишер Қодиров Даврон Кабуловнинг таклифига жавоб қайтарди — фото

Даврон Кабулов уни концертга таклиф қилганди

Алишер Қодиров Даврон Кабуловнинг таклифига жавоб қайтарди — фото

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров бошловчи Даврон Кабуловнинг таклифига жавоб берди.

Даврон Кабулов уни май ойида бўлиб ўтадиган «Миллион»нинг янги концертига таклиф қилган. Депутат эса мазкур таклифга ўз саҳифасида жавоб қайтарди. Унинг сўзларига кўра, май ойи учун концертга вақт топади. Алишер Қодиров халқ ва ҳокимият ўртасидаги мулоқот доим ҳам очиқ ва самимий бўлмаслигини айтди.

«Даврон Кабулов таклиф учун раҳмат. Май учун, албатта, режалаштираман. Нима учун ‘Миллион’ни томоша қилиш керак. Халқ ва ҳокимият ўртасидаги мулоқот доим ҳам очиқ ва самимий бўлавермайди. Буни тан олиш керак. Азалдан бу келишмовчиликни ҳал қилишда ҳазил-мутойибанинг аҳамиятли ўрни бўлган ва ҳозир ҳам шундай. Одамларнинг юзингизга айтавермайдиган танқид ва танбеҳларини ҳазил орқали билиб олишда фойда кўп», — дейди Алишер Қодиров.

Депутатнинг таъкидлашича, жамиятни ўзгартириш ҳар бир инсоннинг ўзгаришидан бошланади. Алишер Қодиров Ўзбекистон ривожланиши учун бирлашиш кераклигини айтди.

«Шу билан бир қаторда, ‘Миллион’чиларни муштарак мақсадлар учун сафимизга таклиф қиламан. Жамиятни ўзгартириш ҳар биримизнинг ўзгаришларимиздан бошланади. Миллий тикланишимиз сизларнинг иштирокингизда янда жадалроқ бўлишига ишонаман. ‘Миллион’ бу миллион, шубҳа йўқ. Фақат бирми ёки ўттиз бешми? Қанча кўп бўлсак ва Ўзбекистон учун бирлаштира олсак шунча тезроқ ўзгарамиз ва ривожланамиз», — дейди у.