Янгиликлар

«Афандининг қизлари»даги Нигина Жабборова жамоани тарк этди

Нигора Абдуллаҳонова Shoubiz.uz’га бунинг сабабини маълум қилди

«Афандининг қизлари»даги Нигина Жабборова жамоани тарк этди

«Афандининг қизлари»даги Нигора Абдуллаҳонова «Shoubiz.uz»га жамоа аъзоси Нигина Жабборова гуруҳни тарк этганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Нигина расман «Афандининг қизлари»ни тарк этган. Бунга сабаб Нигина Жабборованинг «Илҳом» театрида ишлаши бўлган. Актриса театрдаги хизмат сафари билан Россияга кетишига тўғри келган. Шунинг учун жамоадошлари билан хайрлашган. Эндиликда «Афандининг қизлари»нинг фаолиятини Нигора Абдуллаҳонова ҳамда Муборак Абдуллаева давом эттиради.

«Нигина гуруҳимиздан расман кетди. У билан хайрлашдик. Энди Муборак билан бирга ишлаймиз. Нигина театрда ишлайди. Россияга кетадиган бўлиб қолди. Шунинг учун у билан хайрашдик», — дейди Нигора Абдуллаҳонова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Визажист Акобир «Афандининг қизлари»даги Нигинанинг қўлини сўраганди. Ушбу лаҳзалар акс этган видеони хонанда, телебошловчи Ҳуснора Шодиева эълон қилган. Стилист ёпилиш маросими пайтида саҳнага гул ва торт билан чиқиб келган. У бошловчилардан микрофонни олиб, Нигинанинг қўли ва юрагини сўрамоқчилигини айтган.

Шундан сўнг у томошабинлар олдига тушиб, Нигинага узук тақиб қўйган. Акобир унга узукдан ташқари, гул ва торт ҳам совға қилган. Бошловчилар бу кутилмаган вазият бўлганини таъкидлаган. «Fashion week»га тушган томошабинлар эса уларни видеога олган.

Кейинроқ Нигина Жабборова унга қандай жавоб қайтарганини ҳам маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу фильм учун ишланган саҳна кўриниши бўлган. Улар Муҳаммадали Наврўзовнинг «Менинг тўйим» номли фильмида биргаликда роль ижро этмоқда. Fashion week’даги қўл сўраш жараёни ҳам фильмнинг бир қисми бўлган. Бироқ Нигина Жабборова бу ҳодисани нотўғри бўлган деб ўйлайди. Чунки ўша вақтда улар босим остида қолган ва одамларга изоҳ беролмаган. Шунинг учун кўпчилик уларни оила қуряпти деб ўйлаган. Бу эса шунчаки фильм бўлган.

«Мен у инсонни яхши кўраман ва ҳурмат қиламан. У менинг яхши дўстим. У билан тўйимиз бўлмаяпти. Биз бир фильмда роль ижро этдик. Бу шунга қурилган саҳна кўриниши эди. Кино яқинда чиқади. бу Муҳаммадали Наврўзовнинг ‘Менинг тўйим’ деган киноси. Кино учун оммани йиғиш қийин ва унга маблағ керак. Fashion week’да қўлимни сўраш жараёни эксперимент сифатида қилиб кўрилди. Менинча, бу нотўғри бўлди. Чунки одамлар нотўғри тушунди. Биз ҳам изоҳ бермадик», — дейди у.