Медиа

ШҲТга аъзо давлатлар ҳайкалтарошлари Самарқандда йиғилди — фото

Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумининг расмий очилиш маросими 15 август куни бўлиб ўтди

ШҲТга аъзо давлатлар ҳайкалтарошлари Самарқандда йиғилди — фото

«Самарқанд-2022» Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиумининг расмий очилиш маросими 15 август куни бўлиб ўтди. У Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Ушбу ҳайкалтарошлик симпозиуми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинди. ШҲТга аъзо давлатлар саммитда нафақат геосиёсий масалаларни муҳокама қилади, балки, Самарқанднинг ўзгача бир руҳидан баҳраманд бўлади. Қолаверса, мазкур симпозиум орқали ёш ҳайкалтарошларга хорижлик тажрибали ҳайкалтарошларнинг ишларини кузатиш, ўрганиш ва тажриба ошириш имкони яратиб берилди. Ўйлайманки, бу яратилаётган санъат асарлари тарихда қолади ва Самарқандда ШҲТ саммитидек тарихий воқеа бўлиб ўтганини эслатиб туради», — деди Бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов Самарқандга ташрифи учун хорижлик ҳайкалтарошларга миннатдорлик билдирди. Очилиш маросимида сўзга чиққан Рассомлар ижодий уюшмаси раиси Ибрагим Валихўжаев эса симпозиумнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлаб, маҳаллий ва хорижлик ҳайкалтарошларнинг меҳнатларини юқори баҳолади. Тадбирда иштирок этган қозоғистонлик ҳайкалтарош Улжан Жаугашева ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Тошларда оламнинг бутун сири, гўзаллиги ва тарихи мужассам. Биз эса ана шу гўзалликни юзага чиқаришимиз лозим. Мен симпозиумда ўз асарим орқали одамларга қандай ажойиб дунёда яшаётганимизни кўрсатишни, бу туйғуни ифодалаб беришни истайман», – деди у.

Маълумот учун, симпозиумда Ўзбекистон, Эрон, Ҳиндистон, Россия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳайкалтарошлари иштирок этмоқда. Улар 10 сентябрга қадар «Ватанпарвар» боғидаги майдонда ўз асарларини яратади. Сўнгра ушбу санъат асарлари Самарқанд кўчаларини безатади.