Медиа

Нарминжаннинг юзи сериал сабаб таниб бўлмас даражага келтирилди — фото

Актриса «Парихона» сериалининг суратга олиш жараёнидан лавҳани эълон қилган

Нарминжаннинг юзи сериал сабаб таниб бўлмас даражага келтирилди — фото

Актриса Наргиза Аъзамованинг юзи сериал сабаб таниб бўлмас даражага келтирилди.

Унинг юзи «Парихона» сериалидаги саҳна сабаб шундай грим қилинган. Актриса бу ҳолат уни ўйлашга мажбур қилганини айтди. Нарминжаннинг сўзларига кўра, унда ҳақиқатдан шундай воқеа бўлса, ёнида фақат оиласи қолиши мумкин.

«Бу образим мени жуда оғир ўйловда қолдирди. Агар мен шу аҳволда бўлсам, ким ёнимда қоларкан? Менимча, фақат оилам», — деб ёзади актриса.

Аввалроқ Нарминжан «Миллион»даги рақсига отасининг муносабати қандай бўлганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, қўллаб-қувватлаган инсонлар ҳам бўлган. Актриса концерт аввалида рақсни раққосалар ижро этиши керак бўлганини таъкидлади. Концертга оз вақт қолганда, унга ўзи ижро этиши кераклиги айтилган.

«Қўллаб-қувватлаган инсонлар ҳам бўлди. Лекин барибир негатив бўлади. Мен уларга ҳеч нарса деёлмайман. У ерда рақсни раққосалар тушиши керак эди. Концертга оз қолганда, рақсни мен ўйнашим кераклиги айтилган. Чиқишим керак бўлган вазият бўлгани учун чиққанман. Изоҳларда ‘Шу қизнинг ҳам отаси ёки акалари бормикан?’, деб ёзадиганлар ҳам бор», — дейди у.

Наргиза Аъзамова концертда рақс тушишидан отасининг хабари бўлмаган. Концерт YouTube’га чиққандан кейин отаси ундан хафа бўлган ва бир оз вақт гаплашмай юрган.

«Концертда рақс ўйнашимни отам билмаган. Ҳар гал саҳнага чиққанимда, юрагимни ушлаб чиқардим. YouTube’га чиққандан кейин нима қиламан деб ўйлардим. Отам кўргандан кейин хафа бўлди. Бироз вақт отам билан гаплашмадик. Мендан бу нарсани кутмаган. Кейинчалик опаларим тушунтирди. ‘Бошқа сени бундай ролда кўрмай’, деди. Шу нарса менга насиб қилган экан, шундай бўлди», — дейди актриса.

Шунингдек, актриса ойига қанча пул топишини маълум қилган. У ойига ўртача 2000-3000 доллар даромад топади. Актриса катта чиқим қилмаслигини таъкидлади. Нарминжан бозорлик, кийиниш ва кўчада овқатланиш учун чиқим қилади. У чет эл сафарига кўп чиқмаслигини айтди. Бироқ 2022 йил яна бир бор Туркияга саёҳат қилишни режа қилган.

«Ўртача айтадиган бўлсам, 2000-3000 доллар топаман. Катта чиқим қилмайман. Бу нарсани менинг яқинларим билади. Уйга бозорлик қилишим, кийинишга ажратиб қўйишим, кўчада овқатланишга сарфлашим мумкин. Четга чиқиш ва бошқа ҳаражатларнинг ҳам ўз вақти саоти бўлади. 2022 йил биринчи навбатда Туркия боришни режа қилганман», — дейди актриса.

Нарминжан яқин инсони уйидан ҳайдаб юборгани ҳақида айтиб берганди. У иложсиз ҳолатда қолганида дугонаси уни уйдан ҳайдаб чиқарган. Кейин уй ўзиники эканини айтган. Нарминни шунчаки унинг уйида турганини таъкидлаган. Бироқ Наргиза Аъзамова уйни иккаласи ижара олганини айтди.

«Мен иложсиз қолган вақтимда, яқиним деб ҳисоблаган инсоним мени чорасиз аҳволда қолдирган. Қўлимда умуман ортиқча пулим бўлмаган ватқда ‘Бор чиқиб кет’, деб уйидан ҳайдаб юборган. У бирга олинган ижара уй эди. Ҳозир ‘Менинг уйим эди. Мени олдимда шунчаки яшаган’, деган гапларни эшитяпман. Шунинг учун мен дўстликка ишонмайман. Анча вақт ўтиб, жуда яқин деб билган инсонингиз сизга қараб калитни отиб ‘Бор ҳозир чиқиб кет’, деса дўстликдан ҳам кўнглингиз қолиб кетади. Бу нарса менинг юрагимга қаттиқ ботган. Умуман эсимдан чиқмайди. Уйсиз қолишдан қўрқмаганман. Жуда қаттиқ ишонган инсонимни йўқотишим мен учун синов бўлган», — дейди актриса.