Интервью

«Устимдан кулганлар ҳам бўлди». Матёқуб Матчонов бизнесга қандай кирганини айтди — видео

Актёр илк бизнесини Ҳиндистонда қилган

«Устимдан кулганлар ҳам бўлди». Матёқуб Матчонов бизнесга қандай кирганини айтди — видео

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Кино арбоблари уюшмаси раиси, актёр Матёқуб Матчонов YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида бизнесга қандай киргани ҳақида айтиб берди.

Ўзбек актёрлар жамоаси 90-йилнинг бошида «Алиф Лайло ёки маккора» фильмини суратга олиш учун Ҳиндистонга борган. Актёрлар гуруҳи Обид Асомов, Мирзабек Холмедов, Матёқуб Матчонов, Ҳусан Шарипов, Тамара Шокирова, Ойбарчин Бакировадан иборат бўлган. Шунда улар Ҳиндистонга сотиш учун турли хил буюмлар олиб кетган. Обид Асомов у ерда олдин ҳам бўлгани учун фотоаппарат олган. Бошқалар эса пайпоқ, қийиқча ва шунга ўхшаш нарсалар олган.

«Бизнесни бошлашим жуда ғалати бўлган. Ҳиндистонга 90-йилнинг бошида биринчи марта ўзбек гуруҳи билан кино олгани кетганмиз. ‘Алиф Лайло ёки маккора’ филмини суратга олиш учун бир қанча машҳур актёрлар: Обид Асомов, Мирзабек Холмедов, мен, Ҳусан Шарипов, Тамара Шокирова, Ойбарчин Бакирова билан борганмиз. Обид Асомов ўша пайтда ‘Овчи’ филми сабаб Ҳиндистонга бориб келганди, яъни у ернинг об-ҳавосини биларкан.

Кетаётган вақтимиз хурсанд бўлдик, унгача Германияга борган эдик. Шунда у буни олиш керак, уни олинг тирикчилик бўлади деб айтди. Кейин уйимдаги кичкина бўлиб қолган костюмим борми, беркитмайман, солдатлар киядиган пайпоқдан олибман нима қилишни билмай. Нима нарса олиб кетишни билмагандим. Бозорда туриб ҳамма нарсани сотдик. Обид Асомов нима сотилишини билган экан, фотоаппаратлар олган эди. Фотоаппаратлар яхши сотилар экан, бизга айтмаган, билмаганмиз. У шуни сотади, расмга олади, бу ерда биз қийиқча, пайпоқларни ушлаб турибмиз», — дейди актёр.

Матёқуб Матчонов ҳам пайпоқ олган ва уларни сота олмаган. Унга Мирзабек Холмедов ёрдам берган. Актёр қўлига пул тушгач, нарса олиш учун бозорга борган. Шунда у ердаги ва Ўзбекистондаги нархлар бир-биридан анча фарқ қилишини пайқаган. Матёқуб Матчонов пулининг бир қисмига фарзандлари учун бир нечта нарса ва қолганига иккита плаш олган. Уларни сотган пули кинодагидан анча юқори бўлган. Шу нарса актёрни бизнес соҳасига олиб кирган.

«Қарасам пайпоқ киядиган одам йўқ, ҳамма ялангоёқ. Пайпоқни нима учун олиб келдинг дейдиган одам йўқ. Бошим қотди, бир тўда олиб боргандим. У ёқда биттаси қийиқча дейди, ҳеч ким олмайди. Бир пайт биттаси келиб қолди, кўйлак кийган, бўйинбоғ таққан. Менга ъжўробийъ, деди. Аввал тушунмадим, кейин билсам пайпоқ дегани экан. Ҳинд халқини бир қизиқ одати бор, икки киши тўпланса дарров гавжум бўлиб кетади. Кейин Мирза ҳам артистлик қилиб қийиқчаларни унақа қиласан, бошингга ўрайсан, белга боғласанг ҳам бўлади, жойнамоз қилсанг ҳам бўлади деб, бақир-чақир қилиб сотди.

Қўлимга уч-тўрт сўм пул тушди. Кейин бу пулга нарса олиш керак эди. Бозорга кирганимдан кейин бу нарса бизда бунча, униси унча деб солиштира бошладим. У пайти энди чарм курткалар пайдо бўлган вақт эди, қарасам чарм плаш, куртка бизникидан икки баробар арзон. Болаларимга бир-иккита нарса олдим, ўзимга ҳеч нарса олмай сотишга иккита плаш олдим. Сотганимдан кейин пул ёқиб қолди. Қарасам кинодан топган даромадимдан анча юқори даромад топиб қизиқиб қолдим. Кейин бу орада қарз билан бўлса ҳам Дубайга бориб фотоаппарат, соат сотиб секин-секин ишдан чалғимаган ҳолатда бизнесга киришиб кетдим.

Ўша пайтда одамларда пул йўқ эди, спектаклга кирмас эди. Ўз ҳисобимдан икки-уч ойда Дубайга бориб келиб бизнесни йўлга қўйдим. Кўп қийинчиликлар бўлган, ‘Ипподром’да ҳам нарса сотганман. Кўп нарсаларни эшитардим, одамлар олдимга келиб кўзойнакни олиб туринг, сиз ‘Бозор кўрмаган йигит’даги актёрмисиз деган. Унақаларни ҳам, устимиздан кулганларни ҳам кўрганмиз. Ҳаёт шунақа экан», — дейди Матёқуб Матчонов.