Интервью

Шоҳруҳхон Асал Шодиева нега экранда кўринмай қолганини айтди — видео

«Икки нафар фарзандимиз бор», — дейди у

Шоҳруҳхон Асал Шодиева нега экранда кўринмай қолганини айтди — видео

Хонанда, актёр Шоҳруҳхон «M Kokteyl» кўрсатувига берган интервьюсида турмуш ўртоғи Асал Шодиева нима сабабдан экрандан кўринмай қолганини айтди.

Жуфтликнинг ҳозирда икки нафар ўғил фарзанди бор. Хонанда Асал Шодиева уларга қараши кераклигини таъкидади. Ундан ташқари, актрисанинг ўз ишлари ҳам бор. Шоҳруҳхоннинг сўзларига кўра, рафиқаси вақти бўлмагани учун ижодий танаффус қилган. Актёр турмуш ўртоғининг ижод қилишига рухсат берганини айтди.

«Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, икки нафар фарзандимиз бор, Асал уларга қараши керак, ундан ташқари уйда ўзини ишлари бор, яна кўп ишлари бор, вақт бўлмагани учун ижодда бироз танаффус қилишга тўғри келди. Энди кейин қанақа бўлишини ўйлаб кўрамиз. Ижод қилишига рухсат ҳам, бадиий кенгаш ҳам бор» , — дейди хонанда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ актриса эри билан илк бор қачон танишганини айтганди. Асал Шодиева узоқ вақтли танаффусдан сўнг илк бор интервью берди. Унда актриса гардеробини кўрсатиб, ундаги кийимлар ҳақида гапирган. Шунда ундан Шоҳруҳхон билан илк учрашуви ва унда кийган кийими ҳақида сўралган. Асал Шодиева улар илк бор 2014 йил суратга олинган клипда учрашган. Бу хонанданинг «Менинг қўшиғим» номли клипи бўлган. Актриса мазкур клип суратга олиш жараёнига сариқ рангли спорт кийимида борган. Бу уларнинг илк учрашуви бўлган.

Шунингдек, Асал Шодиева Шоҳруҳхон билан тушган архив видеони эълон қилганди. Шоҳруҳхон 1985 йил 29 майда туғилган. Асал Шодиева эълон қилган видеода уларнинг камера қаршисида турли хил ҳаракатларни қилганини кўриш мумкин. Актриса шу видео орқали турмуш ўртоғини туғилган куни билан табриклаган.

Шоҳруҳхон 2004 йилдан буён ижод қилиб келмоқда. Шу бунгунгача у кўплаб хитга айланган қўшиқлар куйлаган ва бир қанча фильмларда суратга тушган. Шунингдек, хонанда бир қатор чет давлатларида ҳам концертлар берган. Унинг 2 нафар укаси бор: Шуҳрат Йўлдошев ва Муҳаммадали Наврўзов. Уларнинг иккаласи ҳам санъат йўлини танлаган.

Хонанда 2016 йил 5 июнда ҳамкасби Асал Шодиева уйланган. Уларнинг тўнғич ўғли МуҳаммадЮсуф эса орадан 4 йил ўтиб, 2020 йил 3 cентябрда дунёга келган. Ижодкорларнинг иккинчи фарзанди Бахтиёр 2022 йил 12 январь куни дунёга келган.