Интервью

«Шифокорлар тузалмайди деган». Муқаддас Холиқованинг қизи онаси 2 марта инфаркт бўлгани ҳақида гапирди

У онасига яхши кўришини деярли айтмаганини таъкидлади

«Шифокорлар тузалмайди деган». Муқаддас Холиқованинг қизи онаси 2 марта инфаркт бўлгани ҳақида гапирди

Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқованинг қизи Зебинисо Эргашева «Mashhurlar» кўрсатувига берган интервьюсида онаси 2 марта инфарктни бошидан ўтказганини айтди.

Ўша вақтда шифокорлар Муқаддас Холиқованинг тузалмаслигини айтган. Зебинисо отасининг кўзи кўр эканини, опаси ва синглиси эрта турмушга чиқиб кетгани учун онаси касал бўлганда фақат ўзи югурганини айтди. Шунинг учун, актриса онасига яхши кўришини айтолмайди. Агар у яхши кўришини айтса, онаси ёнидан йўқ бўлиб қолиши мумкин деб ўйлайди.

«Онамга яхши кўраман деб айтишга қўрқаман. Бу гапни деярли гапирмаганман. Менинг онам 2 марта инфаркт бўлган. 7 ой санъатда ишламай, уйда ётиб қолган. Опам билан синглим турмушга чиқиб кетган. Отам ногирон, кўзи кўрмайди. Ўша пайти дори олишга ўзим югуриб юрганман. Опам билан синглим эрталаб ва кечқурун хабар олган. Қолган ҳамма нарсага ўзим югурганман. Шундай вазият бўлганки, онам оғирлашиб қолган. Шифокорлар тузалмайди деган. Опамга қўнғироқ қилганман. ‘Опа сизнинг ҳам оилангиз бор, унинг ҳам оиласи бор. Мен нима қиламан?’, деганман. Назаримда, онамга яхши кўришимни айтсам, ёнимдан йўқ бўлиб қолади деб ўйлайвераман. Бу ҳақда умуман гапирмаганман», — дейди актриса.

Эслатиб ўтамиз, Зебинисо Холиқова 14 январь куни туғилган кунини нишонлаганди. Унга турмуш ўртоғи 30 ёшга тўлгани муносабати билан сюрприз тайёрлаганди.