Интервью

Шаҳзода Муҳаммедованинг онаси қизи билан ишламай қўйганига изоҳ берди — видео

Гулмира Муҳаммедова қизи учун бир умр танқидчи бўлиб қолишини айтган

Шаҳзода Муҳаммедованинг онаси қизи билан ишламай қўйганига изоҳ берди — видео

Актриса Гулмира Муҳаммедова «Mashhurlar» кўрсатувига берган интервьюсида қизи Шаҳзода Муҳаммедова билан ишламай қўйганига изоҳ берди.

Гулмира Муҳаммедова ҳозирда актрисаларнинг кўпчилиги юлдузлик касаллигига учраётганини айтди. У қизини шундан сақлаш учун қаттиққўл бўлган. Актриса қизининг хатолари ёки хатти-ҳаракатидаги нотўғри нарсаларни ўзига айтган ва буни такрорламаслигини тайинлаган.

«Кўп актрисаларни кузатяпмиз, юлдузлик касаллигига учраб қоляпти. Бу синовли ўтиш давридан ўтолмай қолаётганлари ҳам бор. Худди шу масалада мен Шаҳзодага қаттиқ турганман. Майли, мени ёмон кўрсанг ҳам, оёғинг ердан узилмасин, қоқилмаслик учун сени танқид қиладиган инсон бўлиб қоламан дер эдим. Саҳна ортида барибир урушиб турадиган продюсер бўлади. Саҳнага чиққанида қаерда хато қилаётган ёки хатти-ҳаракатлари нотўғри бўлаётган бўлса, концерт бўладими ёки бошқа суратга олиш жараёнлари бўладими, дарров саҳна ортига ўтиб, мана шу ерларида хато қилаётганини, қайтиб шуни такрорламаслиги кераклигини айтар эдим», — дейди у.

Гулмира Муҳаммедова қизи хатоларини такрорласа, уни қаттиқ уришганини айтди. У ҳар соҳанинг ўзига яраша этика ва эстетикаси бўлишини таъкидлади. Актрисанинг сўзларига кўра, қаттиқ танқид қилгани учун қизи у билан ишлашни истамай қолган. Шундай вазиятда Гулмира Муҳаммедова уни қўйиб юборган бироқ Шаҳзода Муҳаммедова онасининг олдига қайтиб борган.

«Такрорласа, қаттиқ уришар эдим, чунки ҳар битта нарсани, журналистикани, телебошловчиликни, актрисаликни ҳам ўзининг этика, эстетикаси бор. Бирпасда ўтлаб кетиш керак эмас, меъёрни билиш, ундан чиқиб кетмаслик керак. Мен шу нарсага қаттиқ турганман. Вақти келса менинг танқидчилигимдан безор бўлгандир, менсиз ишлашни хоҳлаб қолган пайтлари ҳам, менинг қўлимдан чиқиб кетишни истаган вақтлари ҳам кўп бўлди. Мен қўйиб юбориб ҳам кўрдим лекин айланиб қайтиб келди», — дейди актриса.