Интервью

Санжай шоирга нега танга бермоқчилигини айтди — видео

Хонанда буни жаҳл ёки аламдан қилмаган

Санжай шоирга нега танга бермоқчилигини айтди — видео

Хонанда Санжай тахаллуси билан ижод қилувчи Санжар Жавбердиев YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида нима сабабдан шоирга танга бермоқчилигини маълум қилди.

У буни алам ва жаҳл сабаб қилмаган. Санжай майдалашган одамга майда пул бермоқчи. Хонанда танга ҳам давлат валютаси эканини таъкидлаб, уни ҳамма жойда ишлатиш мумкинлигини айтган. Кўпчилик унга бу ишни шоирнинг устидан кулиш учун қилгани ҳақида гапирган. Бироқ Санжай бу гапларни рад этган.

«Бу алам ҳам, жаҳл ҳам эмас. Майдалашган одамга майда пул бериш керак. У Ўзбекистон давлат валютаси. Ҳамма жойда ўтади. Кўпчилик ‘Унинг устидан кулмоқчимисан?’ деяпти. Йўқ, ундай эмас. Мен шунчаки майдалашган одамга майда пул билан бермоқчиман», — дейди у.

Аввалроқ Санжай Усмон Азим учун 4,5 миллион сўм танга йиғганини маълум қилганди. Усмон Азим Санжайдан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган. Шунинг учун хонандага 100 миллион сўм миқдорда жарима солинган. Санжай ўз Instagram саҳифасида шу пулнинг 4,5 миллион сўм миқдорини тангадан йиғганини маълум қилди.

«Шоир Усмон Азимга тангалар йиғиляпти. 100 млн сўм жарима тўлаб беришим керак. Тангаларни ҳисобласак 1,5 тонна бўлар экан. Ҳаммасини йиғиб, шоирга етказамиз. МИБдан телефон қилиб, пулни қачон етказасиз, деб сўрашяпти», — дейди Санжай.

Санжай ундан муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоирга мурожаат қилганди. Санжай қўшиқни куйлашдан олдин Усмон Аъзим билан гаплашганда, шоир муаллифлик ҳуқуқини Шерали Жўраевга сотганини айтган. Шунингдек, хонанда ижтимоий тармоқларда судда ютқазиб, жаримага тортилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Хонанданинг сўзларига кўра, судга апелляция берган. Бу иш яна кўриб чиқилгандан кейин аниқ жавоб бўлишини айтди.

«Ассалому алайкум, азиз дўстлар, мухлислар ва бутун ўзбек халқи. Менинг ҳозирги мурожаатим Ўзбекистонда яшайдиган барча ака-ука, опа-сингилларимизга. Азиз дўстлар, ватандошлар, қачонгача биз бу юртда бир-биримизни кўролмай, бир-биримизнинг оёғимизга болта уриб яшаймиз? Кимдир йиқилиб тушса, ўлганга чиқариб юборилади. Ҳамма эмас. Гап эгасини топади. Мен айтмоқчи бўлган гапим, ‘Карвон’ қўшиғига суд бўлди, Санжарга фалон сумма жарима қўйилибди’, деб айтяпти. Тўғри суд бўлди. Шундай жарима қўйилди лекин ҳали суд тугагани йўқ.

Суд тугамасдан туриб, ҳар хил бўлар-бўлмас блогерлар турли маълумотларни чиқариб ташлаяпти. Биз апелляцияга берганмиз. Худо хоҳласа яна суд бўлиб, бу нарсалар кўриб чиқилади. Ундан кейин қандайдир жавоб бўлиши мумкин. Ҳозир айтмоқчи бўлганим, баъзи бир шоирларга. Гап бўлиши мумкинмас. Зўр шоирсиз. Усмон Аъзим Ўзбекистон халқ шоири ҳисобланади. Лекин сизлар шеърнинг у томонини ҳам бу томонини ҳам кўринг. Бу шеър ёзилганига 40 йил бўлибди. Уни Усмон Аъзим ёзганми ёки бошқами шахсан менга қоронғу. Чунки мен Усмон Аъзимга телефон қилганимда, Санжар ака муаллифлик ҳуқуқлари Шерали Жўраевга сотилган деб айтган. Одам эркак бўлиши, бир гапда туриши керак. Мен телефон қилиб гаплашганимда, ‘Мен бу қўшиқни унга сотганман’, деб айтган», — дейди хонанда.