Интервью

«Олдин ҳеч қаерда айтмаганман». Шоҳруҳ Ҳамдамов отаси ҳақида гапирди — видео

Актёр кичик фарзанд бўлгани учун эрка ўсганини таъкидлади

«Олдин ҳеч қаерда айтмаганман». Шоҳруҳ Ҳамдамов отаси ҳақида гапирди — видео

Актёр Шоҳруҳ Ҳамдамов YouTube’даги «Chotki Tv» лойиҳасига берган интервьюсида отаси ҳақида илгари айтмаган гапини айтди.

Унинг сўзларига кўра, отаси 2003 йилда инфаркт туфайли вафот этган. Актёр ўша пайти 7 ёш бўлгани ва отасининг майитини биринчи бўлиб ўзи кўрганини айтди. Шоҳруҳ Ҳамдамов отаси эрта вафот этгани учун онаси уларга оталик қилганини таъкидлади. Актёр отаси яхши одам бўлганини таъкидлаб, уни умрида бирор марта ҳам чертмаганини айтди. Актёр кичик фарзанд бўлгани учун эрка ўсган.

«Отам 2003 йилда вафот этган. Ўша пайти мен 7 ёшда эдим. Отам инфаркт бўлган. Биринчи бўлиб ўзим унинг майитини кўрганман. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Она отасиз ҳам 100 болани боқа олади. Онам аёл боши билан 3 фарзандни уйли-жойли, ишли қилган инсон. Мактаб пайти отаси йўқлар ‘Кам таъминланганлар’ рўйхатига қўшиларди. Мактаб пайти менга шундай дейишганда, жаҳлим чиққанди. Мен учун ота бу онам. Кимнингдир отаси балоғат ёшида ўтиб қолган бўлса, отаси ҳақида гапириши мумкин эди. Менда ундай нарса бўлмаган. Отам ‘тилла’ одам бўлган. Бир марта ҳам чертмаган, ҳатто, қаттиқ гапирмаган. Кичик фарзанд бўлганим учун жуда эрка ўсганман», — дейди у.

Аввалроқ Шоҳруҳ Ҳамдамов «запрет»га тушганини маълум қилганди. Шоҳруҳ Ҳамдамов 2014 йилдан буён давлат буюртмаси асосидаги 20 дан ортиқ фильмда суратга тушган. Актёр шундай имкон бергани учун устозларига раҳмат айтган. Бироқ у оғзаки «запрет»га тушган. Актёр бунинг сабабини билмайди. У ҳар бир актёрнинг бошида бу каби кунлар борлигини таъкидлади.

«Бу видеомурожаатимни сизларга ва ‘Ўзбеккино’ агентлигида ишлаётган айрим ижодкорларга йўлламоқчиман. Мен 2014 йилдан бери 20 дан ортиқ давлат буюртмаси асосидаги фильмларда суратга тушдим. Шундай имкон берган устозларим ва ижодкорларга катта раҳмат. Ҳозирги гапларга қараганда мени оғзаки ‘запрет’ қилишибди. Эшитиб ҳайрон қолдим. Бир томондан ҳар бир актёрнинг бошида бундай кунлар бор. Аниқ сабабини айтишмаяпти. Режиссёрлар қўнғироқ қилиб, ‘Нима учундир сени кинога қўйишмаяпти’, деди. Ҳар бир соҳада душман бўлгани каби бу соҳада ҳам кам эмас. Бир актёр иш фаолиятини тўхтатгани билан кино тўхтаб қолмайди. Маълум бир вақтгача ‘Ўзбеккино’да суратга тушишни тўхтатдим. Кинога чиқмаётганим ҳақида диреcтъда жуда кўп саволлар бўларди. Энг сабабларидан бири шу бўларди», — дейди у.