Интервью

Муножат Алимбоева вазир унга роли учун мукофот бермоқчи бўлганини айтди — видео

«1 ҳафта ичида ролни чиқариб берганман», — дейди у

Муножат Алимбоева вазир унга роли учун мукофот бермоқчи бўлганини айтди — видео

Театр ва кино актрисаси Муножат Алимбоева YouTube’даги «Shok.uz» лойиҳасига берган интервьюсида вазир унга роли учун мукофот бермоқчи бўлганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, бу 16 йил олдин бўлган ҳодиса. Ўша вақтда театрга вазирлик томонидан «Бахтли бўл, дугонажоним» номли тарбиявий спектакль қўйиш топширилган. Унда нотўғри йўлга кириб қолган ёшларнинг қисмати акс этган. Намойишга 1 ҳафта қолганда вазир бош ролдаги қизлардан бири алмаштириш кераклигини айтган. Муножат Алимбоева шу ролга тасдиқланган. У ўз ролини 1 ҳафта ичида маромига етказиб чиқаргани учун унга вазир унвон бериш кераклигини таъкидлаган.

«Бу воқеа 16 йил олдин бўлган. ‘Бахтли бўл, дугонажоним’, деган спектакль қўйилган. Бу спектаклни қўйиш ҳақида вазирлик томонидан буйруқ келган. Биз уни ёш авлодга намуна сифатида қўйишимиз керак эди. У ерда 3 xил образ бор эди. У мусиқали спектакль бўлгани учун яхши хонандалар чақирилган. Менимча, унда Гулсанам ҳам бор эди. Аниқ эсимда йўқ. Ундаги роль менга берилмасидан олдин бошқа қиз ўйнаган. Кейин уни ўзгартириш буюрилган. Шу ролга мени олишган. У спектаклда жонли қўшиқ айтганмиз. Мен у ролни берилиб ўйнаганман. Ўша пайтдаги вазир бизга 1 ҳафта муҳлат берган. Шу вақт ичида мен ролни чиқарганим учун ‘Бу қизга унвон беринг’, дейилган», — дейди актриса.

Аввалроқ Муножат Алимбоева 50 доллар учун тўйхонада жанжал қилгани ҳақидаги гапга изоҳ берганди. Бошловчининг сўзларига кўра, унда бундай ҳолат бўлмаган ёки эслай олмайди. Муножат Алимбоева ҳеч қачон жанжал қилмаслигини айтди. У тўйда пул билан боғлиқ қандайдир муаммо бўлса, админстраторига айтишини таъкидлади. Шунингдек, актриса тўйларга 250 доллардан сал кўпроқ миқдордаги суммага чиқишини айтган.

«Йўқ, ундай бўлмаган. Бу воқеани эслай олмаяпман. Мен ҳеч қачон жанжал қилмайман. Админстраторнинг ўзига айтишим мумкин. Агар шунга келишилган бўлганда, бошқа гап эди. Лекин тўйларга 250 доллардан сал кўпга чиқаман», — дейди у.