Интервью

Мансур Агалиев Юлдуз Усмонова унга қандай шартлар қўйганини айтди — видео

«Адашмасам, 10 дан ортиқ фильмда суратга тушганман», — дейди у

Мансур Агалиев Юлдуз Усмонова унга қандай шартлар қўйганини айтди — видео

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг турмуш ўртоғи ва продюсери Мансур Агалиев кинодан кетишига хотини сабаб бўлганини айтди.

Собиқ актёр кинога қандай кириб қолганини ўзи ҳам сезмаган. Бир рол бошқасини эргаштириб келган. Мансур Агалиев илк ролини «Улфатлар» комедиясида ижро этган. У фильмда Эркин Комилов билан бокс тушадиган спортчи образини гавдалантирган.

«Кинога қандай кириб қолганимни билмай қолганман. Чунки битта рол бошқасини эргаштириб келаверар экан. 2004 йили бир дўстим фильмга таклиф этишаётгани ҳақида айтиб қолди. Ўшанда Мурод Ражабов ‘Улфатлар’ фильмини суратга олаётган экан. Шу ролни ижро этиш учун раҳматли Нодир деган актёр йигит ҳам келган экан. У бақувват, тўлачадан келган эди. Аммо Мурод ака мени танлаганди. Эркин Комилов ‘Урсам, хафа бўлмайсизми?’, деб кулганди. Съёмкадан кейин Мурод ака ёнимга келиб, ‘Ука, гонорарингиз қанча бўлади?’, деганди. ‘Менинг бизнесим бор, гонорар шарт эмас’, деб жавоб берганман», — дейди у.

Кейинчалик бир аёлнинг таклифи билан кастингга борган. Бироқ унга миллати тўғри келмаслигини айтишган. Собиқ актёр бундан хафа бўлган. Мансур Агалиевга рус ва турк киноижодкорларидан ҳам таклифлар бўлган. Уни «Қашқирлар макони» сериалига ҳам тасдиқлашган. Бироқ у суратга олиш жараёнига бора олмаган. Юлдуз Усмонованинг клипидаги ролидан сўнг уларнинг бахти очилиб кетган. Хонанда турмуш ўртоғига ё кино ёки уни танлашини айтиб шарт қўйган. Мансур Агалиев эса шундан бери кинолардан тушган таклифни рад этган.

«Кейин битта аёл режиссёр съёмкага чақирган. Борсам, миллатим ролга тўғри келмаслигини айтган. Кинога миллатнинг нима алоқаси бор, деб хафа бўлганман. Энди съёмкаларга бормайман, деб турганимда рус ижодкорлари ‘Застава’ сериалига таклиф этишган. Ундан кейин туркиялик машҳур актёр Орхан Генжебайнинг аёли ‘Қашқирлар макони’ сериалига таклиф этган. Баъзи сабабга кўра, унинг ҳам съёмкасида қатнашолмаганман. Кейин Юлдуз Усмонованинг клипида суратга тушишга таклиф этилганман. Клип сабаб иккимизнинг ҳам бахтимиз очилиб кетган.

У пайтлари Туркияда роса қийналиб юрган пайтларимиз эди. Одам қийналганда, бошини ҳар соҳага суқиб кўрар экан. Менда ҳам шундай ҳолат бўлган. Аммо Юлдуз ‘Ё мени танланг, ёки кинони’, деб шарт қўйган. Шундай сўнг киноларга таклиф этишганда рад жавобини беришни бошлаганман. Адашмасам, 10 дан ортиқ фильмда суратга тушганман», — дейди Мансур Агалиев.

Аввалроқ Юлдуз Усмонованинг эри унинг концертидаги қўполлигига муносабат билдирганди. Унинг сўзларига кўра, хонанданинг қўполлик қилишига сабаб бўлган парда воқеаси унга қаттиқ таъсир қилган. Бир қиз ундан истеъмолчилик ҳуқуқини талаб қилган. Шунда Мансур Агалиев концертдан сўнг залдан чиқадиган 3-4 қоп баклажкалар ҳақида гапирди. Концерт аслида соат 19:00 да бошланиши керак. Бироқ улар томошабинлар жойлашиб олишини кутиб, кечроқ бошлайди.

«Охирги концертдаги парда воқеаси менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Битта қиз ‘биз истеъмолчимиз, бизнинг ҳуқуқимиз нима бўлади?’, деди. ‘Сиз истеъмолчи бўлсангиз, концертдан кейин келинг, концертдан сўнг концерт залидан уч ёки тўрт қоп баклажкалар чиқади. Истеъмолчи баклажкани нимага концертга олиб киради, нимага уни отади?’ Аслида соат 19:00 да концерт бошланиши керак. Биз истеъмолчилар жойлашиб олиши учун 19:20, 19:30, 19:40 гача концерт бошламасдан, уларнинг ўрнашиб олишини кутамиз ёки кутган бошқа санъаткорларни биламиз. Икки соат атрофида концерт бериш керак бўлган жойда, биз уч, тўрт соатлаб, талабларга биноан қўшиқ айтамиз. Буни ҳам инобатга олиш керак, менимча», — дейди Мансур Агалиев.

Шунингдек, у концерт тўлиқ жонли ижрода ўтишини таъкидлаб, томошабинларнинг шовқини хонандани чалғитишини айтди. Бир кишининг қилган шовқини сабаб унинг ёнида ўтирган инсон концертда ҳордиқ чиқара олмаслиги мумкин.

«Концерт дастуримиз тўлиқ жонли ижрода бўлади. Залда, орқада турганимда қизлар ўйнаб ‘горка-горка’ деб бақиряпти. Бу қанақа истеъмолчи ёки кимнинг истеъмолчиси? Фонограмма бўлса, тугмани босиб қўясиз, ҳеч қандай бақир-чақирга аҳамият бермайсиз, концертни тугатасиз, бўлди. Биз эса юз фоиз жонли ижрода концерт тақдим қиламиз, бундай ҳолатда ҳар бир кишининг ҳар қандай ортиқча товуши, ҳаракати, бошқа кишига ёқмаслиги ёки концертда маза қилиб ўтира олмаслигига олиб келиши мумкин. Концертда Юлдуз Усмонова бир қўшиқнинг мазмунини ёки қўшиқ яратилиши билан боғлиқ воқеани айтиб бераётган вақтида залдан бақириб, ‘ёнимизга келинг’, дейишади. Албатта, бундай вазиятда нафақат хонанда, балки бошқа мухлислар ҳам чалғийди», — дея таъкидлади у.

Мансур Агалиев Америкадаги концерт ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, АҚШда концерт ўз вақтида бошланган ва 1 дақиқа кеч қолганлар ҳам залга киритилмаган. Шу билан бирга, у ерда шовқин қилиш ҳам мумкин эмас. Агар шундай бўлса, ёнингизга келиб огоҳлантириш берилади. Мансур Агалиев концертни бақир-чақир қилмасдан тинчгина тинглаб кетиш керак деб ўйлайди.

«Бир марта концерт тугаган вақтда, бир аёл залдан кетмаяптида, ‘келиб ёнимда қўшиқ айтсин’, деб туриб олган вақтлар бўлган. Бунчалик одамни истеъмол қилиб юбормаслик керакда. Икки томонни ҳам ўйлаб, кейин хулоса қилиш керак. ‘Биз истеъмолчимиз’, дейишади, бўлди, истеъмолчи бўлсанг, аниқ тартиб билан барчанинг ҳаракат қилишини таъминла, концертга кеч қолмасдан аниқ вақтида кел. Қарсак икки қўлдан чиқади. Америкада концертга кирдим. У ерда 19:01 бўлганида ‘сиз кеч қолдингиз’, деб концертга киритишмади. Ёнимдаги одам гапираётганда келиб, ‘гапирманг’, дея огоҳлантириб кетди. Жонли ижродаги концертни ҳам жонли тинглашни билиш керак. Ҳеч бўлмаса, концертга келган бир истеъмолчи бошқа бир истеъмолчининг истеъмол ҳуқуқини поймол қилмасдан, бақирмасдан, тинчгина тинглаб кетиши керак, деб ўйлайман», — дейди Мансур Агалиев.