Интервью

«Келгинди келин»даги қайнана Муҳаббат Абдуллаева ижодини ёлғондан бошлагани ҳақида гапириб берди —видео

Актриса ўша пайтда 14 ёшда бўлган

«Келгинди келин»даги қайнана Муҳаббат Абдуллаева ижодини ёлғондан бошлагани ҳақида гапириб берди —видео

Актриса Муҳаббат Абдуллаева «Omon-omon» кўрсатувига берган интервьюсида ижодини ёлғондан бошлагани ҳақида гапириб берди.

Актриса ўша вақтдаги кўрсатувлардан бирида режиссёр Комил Ёрматовнинг 16 ёшли йигит-қизларни студияга таълим бериш учун олаётганини эшитган. Муҳаббат Абдуллаеванинг уйи телевидениега яқин бўлган. Шунинг учун у ерга бориб, уларнинг теледастурдан чиқишини кутган. Шунда у Комил Ёрматовнинг олдига бориб, ёши 16 да эканини айтиб алдаган. Бироқ Комил Ёрматов актрисанинг ҳали ёшлигини пайқаган ва унда 2 йилдан кейин келиши айтган. Муҳаббат Абдуллаева 16 ёшга тўлишини кутиб кейин студияга борган.

«Мен 14 ёшда эдим. Яшайдиган жойим телевидениега яқин эди. У пайти кўрсатувлар тўғридан-тўғри эфирга бериларди. Ўша кўрсатувда Комил Ёрматов ’16 ёшли йигит-қизларни ‘Ўзбекфилм’ қошидаги студияга қабул қиламан’, деди. Шуни эшитиб телевидениега югуриб борганман. Улар эшикдан чиққач, олдига бордим. Шунда Комил Ёрматов мендан нима исташимни сўради. ‘Ҳозир сиз студия ҳақида айтдингиз. Мен санъаткор бўлишни истайман’, дедим. Шунда мендан ёшимни сўрашди. Мен ’16 ёшдаман’, деб жавоб бердим. Комил Ёрматов эса ‘Сен ҳали ёшсан. 16 га тўлганингдан кейин келасан’, деди. Шунчалик санъаткор бўлишни хоҳлаганимдан тез бўлишни хоҳлаганман. 2 йил ўтгач, студияга борганман», — дейди у.