Интервью

«Кўзини пирпиратмай ёлғон гапирган». Рустамхўжа Бобур пародист ҳақидаги ҳақиқатни ошкор қилди — видео

У ҳамкасби билан анчадан бери гаплашмаганини таъкидлади

«Кўзини пирпиратмай ёлғон гапирган». Рустамхўжа Бобур пародист ҳақидаги ҳақиқатни ошкор қилди — видео

Актёр, пародист Рустамхўжа Усмонов YouTube’даги «Yashin Tv» лойиҳасига берган интервьюсида Бобур пародист ҳақидаги ҳақиқатни айтди.

Улар Рамазон ойида зиёрат қилиш учун Самарқанддаги Ҳазрат Довуд зиёратгоҳига борган. Зиёратга борадиганлар орасида Рустамхўжа ва Бобурдан ташқари уларнинг танишлари ва Бобур порадистнинг онаси ҳамда шогирдлари бўлган. Улар зиёрат учун йўлга чиқишдан олдин Чинозда балиқ ейиш учун тўхтаган. Рустамхўжанинг сўзларига кўра, шунда Бобур пародист 5 киши учун 150 минг сўм пул берган. Ўша даврадаги бир аёл қолган пулни ўзи қўшишини айтган.

Рустамхўжа Усмоновнинг сўзларига кўра, зиёрат давомида бундан ташқари бир неча марта шу каби ҳолатлар такрорланган. Улар Тошкентга қайтгач, Бобур пародист Telegram’даги гуруҳга ёзган бироқ унга ҳеч ким жавоб қайтармаган. Шундан сўнг у гуруҳдан чиқиб кетган ва ўша гуруҳ аъзоларини қора рўйхатга қўшиб қўйган. Рустамхўжа Усмонов шундан кейин ҳамкасби билан гаплашмаганини таъкидлади. У ҳамкасбининг камера қаршисида кўзини пирпиратмасдан ёлғон гапирганидан жаҳли чиққанини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бобур пародист эса Юлдуз Усмонова билан уришиб қолишига Рустамхўжа сабабчи бўлганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бунга ҳамкасби Рустам пародист сабабчи бўлган. Олдин уларнинг муносабати яхши бўлган. Бироқ Бобур Рўзиқулов ҳозирда ҳамкасби билан алоқаси йўқлигини таъкидлади. Пародист Юлдуз Усмонова уларни танқид қилгач, Рустам уни хонандага қарши гиж-гижлаганини айтди. Шундан сўнг Бобур Рўзиқуловнинг онаси Юлдуз Усмоновага мурожаат билан чиққан. Видеомурожаатни кўргач, хонанда пародистни ёнига чақирган ва айтган гаплари Рустамга тегишли бўлганини таъкидлаб ўтган. Бобур Рўзиқуловнинг айтишича, Рустам билан унинг ўртасида «деди-деди» кўп. Шу сабабли улар урушиб қолган.

«Ҳозирги пайтда Рустам билан алоқам йўқ. Мен дўст деб биладиган инсонларим орқамдан пичоқ урса, ёмон кўраман. Мен бу ҳаётда ҳамма нарсага ўзим эришдим. Ота-онам санъатга киришимга қаршилик билдирган. Юлдуз Усмонова Рустамга бир иш айтган. У эса хўп деб туриб, бу ишни қилмаган. Юлдуз опамнинг шундан жаҳли чиққан. Юлдуз Усмонова мени Рустам билан турк ресторанида ўтирганимизни кўрган ва гапирган. У асосий гапни Рустамга айтган. Унинг ёнида бўлганим учун менга айтган. Шунда Рустам келиб, сени ҳам айтган деган ва онамни мурожаат билан чиқишга кўндирган. Онамнинг ҳам Юлдуз опанинг гапидан жаҳли чиққанди.

Онамнинг видеоси чиққандан кейин Юлдуз Усмонова мени олдига чақирди. Ундан хафа бўлмаслигимни сўради. Ҳамма нарсани тўғри тушунтирди. Юлдуз Усмонованинг ўзи ҳам мен ҳақимда гапирмаганини айтди. Юлдуз опанинг мен уни пародия қилишимга умуман қаршилиги йўқ. Мансур ака ҳам менга қўнғироқ қилди. ‘Онанг нотўғри тушунибди. Юлдуз опанг сен ҳақингда гапирмаган. У сени яхши кўради. У ерда Рустамга урғу берилган’, деди. Рустам ўша пайтда мени гиж-гижлаганди. Ўша пайтда Юлдуз опа менга ‘У болага менинг уйимнинг эшиги ёпиқ. Сен кел лекин агар сен яна унинг олдида юрадиган бўлсанг, сени ҳам уйимга киритмайман’, деди. Хуллас, Рустам билан орамизда ‘деди-деди’ кўп бўлган. У яхши пародиячи», — дейди Бобур Рўзиқулов.

Шундан сўнг Рустам пародист дўсти Бобур билан нега алоқаси узилганини айтганди. Хонанда бунга асосий сабаб тўйлардаги пул билан боғлиқ ҳолатлигини таъкидлади. Бундай воқеалар улар ўртасида бир неча бор содир бўлган. Рустамхўжа Усмонов шундай ҳолатлардан иккитасини айтиб берди. Унинг сўзларига кўра, улар Наманганга Амирхон Умаровнинг холаси қилган тўйга борганида Бобур Рўзиқулов «заклад» учун берилган пулнинг ҳаммасини ўзига олиб қолган. Рустам пародистнинг эса бундан хабари бўлмаган.

«Бу воқеа Наманганда бўлди. Амирхон Умаровнинг холаси тўйга чақирган. Ўша тўйга Бобур билан бирга борганмиз. Биз у ерга тўйдан бир кун олдин бориб, уларнинг уйида қолганмиз. Шаҳар айлантирамиз деб машинада олиб чиқишди. Ўша ерда қўлимга пулимни берди. Бобурникини бермади. Тўй тугагандан кейин ҳам унга пул бермади. Мен Бобур учун улар билан жанжаллашдим. У аёл менга машинада гаплашиб олишни таклиф қилди. Биз Бобурнинг машинасига ўтирдик. Шунда у аёл менга Бобур билан ёзишганларини кўрсатди.

Ёзишмаларда тўй эгаси ‘заклад’ни олдиндан чиқариб юборганини айтган. У эса аёлдан бу ҳақда менга айтмасликни сўраган. Бобур пулни ўзига олиб қолган. Аёлнинг қўлида тилла соати бор экан. Ўшани ечиб, Бобурнинг олдига отиб юборди. Шунда мен ‘Ҳозир қўнғироқ қилиб, уйимдан тиллани ўғирлаб кетди деса, нима қиласан? Тилла соатнинг ҳужжати бўлади. Сенга қўшилиб мен ҳам арзон фоҳишаларга ўхшаб қамоқда ўтирмай’, дедим. Шундай деганимдан кейин у тушунди. Мен Наманганга унинг машинасида борганман. Шунинг учун бирга қайтиб келдик. Бундан кейин Чустда ҳам шундай воқеа бўлди», — дейди Рустамхўжа Усмонов.